Терговчининг тақиқ қўйиш ҳақидаги хати ва Кадастр агентлигининг муносабати юзасидан билдирган фикрларимизга қўшилмаганлар ҳам бор.
Бу табиий. Ҳуқуқий баҳсда ҳар ким ўз позициясига эга бўлиши мумкин. Аммо позициянинг кучини унинг қатъий айтилгани эмас, ҳуқуқий асоси белгилайди.
Бизнинг саволимиз ҳамон ўша. Терговчининг сўров хати асосида фуқаронинг кўчмас мулкини тасарруф этишга тақиқ қўйиш аниқ қайси ҳуқуқий нормага ва қандай процессуал тартибга асосланган?
ЖПКнинг 36-моддасини келтириш бу саволга тўлиқ жавоб бермайди. Чунки мазкур модда терговчининг қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва чиқарган қарорлари ижросининг мажбурийлигини белгилайди. Демак, аввал талабнинг қонуний асоси мавжуд бўлиши, сўнг унинг мажбурийлиги ҳақида сўз юритилиши керак. Умумий ваколат муайян чеклов учун белгиланган махсус тартиб ўрнини босмайди.
Айнан шу ерда ЖПКнинг 11-моддасидаги қонунийлик принципи аҳамият касб этади. У жиноят ишини юритишда иштирок этувчи барча шахслардан Конституция ва қонунларга аниқ риоя этишни талаб қилади. Қонун талабидан чекиниш, қандай сабаб билан изоҳланишидан қатъи назар, қонунийликнинг бузилиши ҳисобланади.
Албатта, саволимизга аниқ норма келтирилмаганининг ўзи қонунбузарликни узил-кесил исботламайди. Бироқ чекловни қонуний деб ҳимоя қилиш учун уни қўллашга ваколат берувчи норма ва тегишли процессуал ҳужжат кўрсатилиши лозим.
Муҳокама қилинаётган хатда мавжуд суд ажримини ёки мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги қарорни ижро этиш сўралмаган. Унда тақиқ қўйишнинг ўзи сўралган. Бундай ажрим ёки қарорга ҳавола ҳам, унинг илова қилингани ҳақида қайд ҳам йўқ. Агентликнинг муносабатида ҳам муайян процессуал ҳужжатнинг реквизитлари келтирилмаган.
Шу боис эълон қилинган материаллардан келиб чиқиб, чекловнинг ҳуқуқий асоси етарлича очиб берилмаганини айтяпмиз.
Масаланинг кейинги босқичи ҳам бор. Иш судга юборилганда ушбу тақиқнинг тақдири қандай ҳал қилинади?
ЖПКнинг 457-моддаси ҳукм чиқаришда фуқаровий даъвони таъминлаш учун хатланган мол-мулк ва ашёвий далиллар тақдирини ҳал қилишни назарда тутади. Олий суд Пленумининг "Суд ҳукми тўғрисида"ги қарорининг 11-бандида ҳам бу масалаларга эътибор қаратилган.
Агар хонадон ашёвий далил деб эътироф этилмаган, фуқаровий даъвони таъминлаш учун белгиланган тартибда хатланмаган бўлса, унга қўйилган тақиқ қайси процессуал чора сифатида баҳоланади? Уни сақлаш ёки бекор қилиш қайси ҳуқуқий асос ва тартибда ҳал этилади?
Бу саволлар суднинг ваколатини инкор этиш учун берилмаяпти. Улар чекловнинг ҳуқуқий табиати, қўллаш асослари ва бекор қилиш тартиби бошидан аниқ бўлиши зарурлигини кўрсатади.
Гап иш жилдида қоладиган хатнинг тақдири ҳақида эмас. Гап шу хат асосида ўз мулкини тасарруф этиш имконияти чекланган инсоннинг ҳуқуқи ҳақида кетмоқда.
"Бу хатлаш эмас, тақиқ", деган эътироз билдирилса, савол ўзгармайди. Унда айнан шу мустақил тақиқни терговчининг сўров хати билан қўллашга ваколат берувчи норма қайси?
Фикримизга қўшилмаслигингиз мумкин. Аммо ҳуқуқий саволга муносабатнинг ўзи билан эмас, аниқ норма ва ҳужжат билан жавоб берилиши керак.




