2026 йил 2 ноябрдаги ЎРҚ–1185-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 184⁵-модда киритилди.
Кодексда эса диний мазмундаги материалларга оид 184²-модда ҳам мавжуд.
Уларнинг фарқини билиш муҳим. Чунки материалнинг диний мазмунда экани унинг экстремистик эканини англатмайди.
184²-модда диний материаллар муомаласининг белгиланган тартиби ҳақида.
Бу модда диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистонга олиб кириш ёки тарқатиш учун жавобгарлик белгилайди.
Бунда материалда экстремистик ғоя бўлиши шарт эмас. Масала диний материални тайёрлаш, олиб кириш ёки тарқатишда қонундаги тартибга риоя қилинган-қилинмаганида. Масалан, қонун талаб қилган ҳолда диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олмасдан тарқатиш шундай баҳоланиши мумкин. Лекин "бу диний материал экан" дейишнинг ўзи етарли эмас. Қайси ҳаракат содир этилгани ва айнан қайси қонуний талаб бузилгани кўрсатилиши керак.
184⁵-модда материалнинг хавфли мазмуни ва муайян атрибут ҳамда рамзларга оид ҳаракатлар ҳақида.
Бу модда экстремизм, сепаратизм ёки ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғинга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни қамраб олади.
Бундай материал диний шаклда ҳам, диний мазмунга эга бўлмаган шаклда ҳам бўлиши мумкин. Асосийси унинг мазмуни моддада кўрсатилган белгиларга мос келиши.
Шунингдек, экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг атрибутлари ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ва сақлаш ҳам шу моддада назарда тутилган.
Тайёрлаш ва сақлашдаги муҳим фарқ
184²-моддада "тарқатиш мақсадида" деган шарт материалларни тайёрлаш, сақлаш ва олиб киришга тегишли.
184⁵-модданинг материалларга оид жумласининг тузилиши эса бошқача "тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш" дейилган. Матннинг бундай тузилишидан келиб чиқиб, тайёрлаш алоҳида қилмиш, тарқатиш мақсади эса сақлашнинг зарур шарти ҳисобланади. Атрибут ва рамзий белгилар бўйича эса тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсади ҳам тайёрлашга, ҳам сақлашга тегишли.
Демак, ҳар икки модда бўйича ҳам материални сақлаш ҳолатида тарқатиш мақсадини четлаб ўтиб бўлмайди. 184⁵-моддадаги атрибут ва рамзлар учун намойиш этиш мақсади ҳам муқобил шарт сифатида белгиланган.
Телефондан материал топилса-чи?
Телефонда диний маъруза борлиги уни автоматик равишда экстремистик материалга айлантирмайди. Худди шунингдек, файл сақланганининг ўзи уни тарқатиш ниятини исботламайди. Аввало, материалнинг мазмуни аниқланади. Кейин шахснинг ҳаракати, айби ва тегишли ҳолатда тарқатиш мақсади текширилади. "Диний экан", "телефонида бор экан" деган икки хулоса жавобгарлик учун етарли эмас.
Шу боис, ишни кўришда материалга умумий қилиб "тақиқланган" деган ном бериш билан чекланиш мумкин эмас. Унинг қайси белгиси, шахснинг қайси ҳаракати ва қандай далиллар айнан қайси моддани қўллашга асос бўлаётгани очиқ кўрсатилиши керак.
Аввал "184⁵-модда: қайси ҳаракат учун, қандай шартларда жавобгарлик келиб чиқади?" деган саволга жавоб тариқасида мақола эълон қилган эдик.




