Ихтиёримизга судья Абдушукуров Фарход Закирович раислигида жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан И.Дж.га нисбатан 2026 йил 2 ноябрда чиқарилган, олти саҳифадан иборат суд ҳукми келиб тушди. Биздан ушбу ҳукмнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан ҳуқуқий фикр билдириш сўралди.
Ҳукмга кўра, И.Дж. Жиноят кодексининг 165-моддаси биринчи қисми ва 219-моддаси иккинчи қисми билан айбли деб топилиб, узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Ҳозирча ихтиёримизда жиноят ишининг барча ҳужжатлари эмас, фақат суд ҳукми мавжуд. Шунинг учун қуйидаги фикрлар ҳукмда баён этилган воқеалар, келтирилган далиллар ва суд хулосаларига асосланади. Ҳукмда муайян ҳолат асосланмагани иш жилдларида унга оид далил умуман йўқ, дегани эмас. Аммо айблов ҳукми ўз хулосаларининг асосини ўзида очиб бериши шарт эди.
Ҳукмнинг ҳажми ҳал қилувчи мезон эмас. Олти саҳифада ҳам қонуний, асосли ва адолатли ҳукм ёзиш мумкин. Масала шуки, шу саҳифаларда инсонни озодликдан маҳрум қилишга асос бўлган жиноий белгилар қай даражада исботланганида.
Воқеа нимадан иборат?
Ҳукмда баён этилишича, Дж. танишининг илтимосига кўра, ресторан жойлашган ҳудудда кўп қаватли уй қуриш масаласида Сурхондарё вилояти ҳокимига қўнғироқ қилган. Суҳбатда ўзини Президент Администрациясидан "Комил" деб таништирган.
Суд бу ҳаракатни товламачилик ва ҳокимият вакилини қонунга хилоф ҳаракат содир этишга мажбур қилиш деб баҳолаган.
Ўзини бошқа шахс деб таништиришни оқлаш ниятимиз йўқ. Бироқ ҳуқуқий баҳонинг вазифаси номақбул ҳаракатни қайд этиш билан чекланиш эмас. Айнан қўлланган жиноят моддасининг барча зарур белгилари мавжудлигини аниқлашдир.
Товламачилик: кимдан, нима ва қандай йўл билан талаб қилинган?
165-модда бўйича таҳлилнинг марказида уч савол туриши керак, яъни мулкий талаб нимадан иборат, у кимга қаратилган ва қандай таҳдид ёки мажбурловчи шароит билан қўйилган?
Ҳукмда ресторан жойлашган ер участкаси хорижий корхонага доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида тегишли экани кўрсатилган. Қўнғироқнинг мавзуси эса шу ҳудудда қурилиш қилишга рухсат олиш бўлган.
Шунда савол туғилади. Кимнинг қайси мулкини ёки мулкий ҳуқуқини топшириш талаб қилинган?
Ҳокимнинг қарор қабул қилиш ваколати унинг шахсий мулкий ҳуқуқи эмас. Қурилишга рухсат тадбиркорга иқтисодий манфаат келтириши мумкин. Лекин бундай натижанинг мавжудлиги рухсат сўрашнинг ўзини товламачиликка айлантирмайди. Суд талабнинг аниқ мулкий мазмунини ва унинг жиноий усулда қўйилганини асослаши лозим эди.
Ҳукмда "мулкка бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш мақсадида" деган хулоса бор. Аммо айнан қайси ҳуқуқ, кимдан ва кимнинг фойдасига олиниши кўзлангани етарлича очилмаган.
Мажбурлаш усули бўйича ҳам шундай муаммо мавжуд. Агар суд таҳдидни назарда тутган бўлса, унинг мазмунини кўрсатиши керак. Агар жабрланувчини мулкий ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароит яратилган деб ҳисоблаган бўлса, бу шароит қайси аниқ ҳаракатлар билан яратилганини тушунтириши зарур.
Юқори лавозимдаги шахс номидан гапириш босим воситаси бўлиши мумкин. Аммо бу эҳтимолни исботланган фактга айлантириш учун суҳбат мазмуни ва таъсир усули таҳлил қилиниши шарт. Ҳукмда "мажбур қиладиган шароитга солиб" деб ёзишнинг ўзи бундай шароитни исботламайди.
Бунда Дж. шахсан пул олмагани ёки қурилишга рухсат берилмагани айбловни ўз-ўзидан истисно қилмайди. Асосий масала жиноий мулкий талаб ва мажбурлаш механизми исботланганми?
Ҳокимият вакилини мажбур қилиш. Босимнинг мазмуни қаерда?
219-модда иккинчи қисмида мажбурлашнинг турли шакллари қамраб олинган. Демак, телефон орқали ўтказилган босим ҳам тегишли ҳолатларда ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Бироқ мажбурлашнинг ўзи исботланиши зарур.
Ҳукмда судланувчининг кўрсатуви қуйидагича баён этилган: У амалий ёрдам сўраган, ҳоким рад этиш сабабини тушунтирган, у эса тушунганини айтиб, миннатдорлик билдирган ва суҳбатни тугатган.
Бу судланувчининг талқини. Суд уни рад этиши мумкин. Лекин шунда рад этиш сабаби ва унга зид далиллар кўрсатилиши керак.
Ҳокимга қандай мажбурловчи талаб қўйилган? Рад этса, қандай оқибат бўлиши англатилган? Қайси сўзлар ёки ҳаракатлар унинг эркин қарор қабул қилишига босим сифатида баҳоланган?
Ҳукмда бу саволларга аниқ жавоб етишмайди.
"Қандай шаклда бўлмасин" деган қоида мажбурлаш усулларини кенг қамраб олади. У мажбурлаш фактини исботлаш мажбуриятини бекор қилмайди.
Ҳоким талабга бўйсунмагани ҳам жиноятни автоматик истисно этмайди. Бироқ судланувчи рад жавобини қабул қилгани ҳақидаги важ мажбурлаш бўлган-бўлмаганини баҳолашда текширилиши зарур.
Талаб қилинган ҳаракатнинг қонунга хилофлиги ҳам асосланиши керак.
Ҳукмда ҳокимни қонунга хилоф ҳаракат содир этишга мажбур қилиш ҳақида хулоса қилинган. Аммо қурилишга рухсат бериш айнан қайси ҳуқуқий тақиқ ёки чекловни бузиши очиб берилмаган.
Ресторан яқинида прокуратура, ДХХ бинолари ва хизмат уйлари борлиги қайд этилган. Бу ҳолат қурилишни чекловчи ҳуқуқий асосга боғланиши керак. Тегишли муҳофаза ҳудуди, шаҳарсозлик талаби ёки бошқа аниқ норма кўрсатилиши лозим.
Ҳокимнинг рад жавоби билан сўралган ҳаракатнинг қонунга хилофлиги бир хил тушунча эмас.
Бундан ташқари, судланувчи тегишли тақиқни билган ҳолда уни бузишни талаб қилганми? Унинг объект жойлашувидан тўлиқ хабардор бўлмагани ҳақидаги важи нега қабул қилинмаган? Ҳукмда бу масалалар ҳам етарлича асосланмаган.
Суҳбатнинг бевосита иштирокчиси нима деган ва "қонуний вакил" ким?
Мажбурлаш айнан вилоят ҳокимига қаратилган деб баҳоланган экан, ҳокимнинг ўзи телефон суҳбатини қандай баён қилгани муҳим. Бироқ ҳукмда У.Қосимовнинг кўрсатувлари келтирилмаган. Айбловни тасдиқловчи далиллар қаторида эса "жабрланувчининг қонуний вакили" С.Н.нинг дастлабки терговдаги кўрсатувлари тарафларнинг розилиги билан ўқиб эшиттирилгани қайд этилган.
Шу ерда икки масалага аниқлик киритиш зарур. С.Н. кимнинг вакили бўлган ва воқеа ҳақида нимани шахсан билган? Ҳукмда унинг кимнинг манфаатларини ифодалагани, суҳбатни бевосита эшитган-эшитмагани ва маълумотни қайси манбадан олгани очиб берилмаган.
Бундан ташқари, ЖПКда "вакил" ва "қонуний вакил" алоҳида процессуал мақомлардир. ЖПКнинг 60-моддаси қонуний вакилни вояга етмаган ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун жалб этишни назарда тутади. 62-модда эса жабрланувчининг вакили, шу жумладан юридик шахс вакиллигини тартибга солади.
Агар С.Н. ҳокимнинг манфаатларини ифодалаган бўлса, унга айнан "қонуний вакил" мақоми қайси асосда берилган? Агар бошқа шахс ёки ташкилотни ифодалаган бўлса, бу ким ва унинг мазкур воқеага дахлдорлиги нимадан иборат?
Бу атама ҳукмда янглиш ишлатилганми ёки процессуал мақомнинг ўзи нотўғри белгиланганми, тегишли қарорлар ва ваколат ҳужжатлари орқали текширилиши керак. Атама хатосининг ўзи кўрсатувни автоматик равишда номақбул қилмайди. Аммо шахснинг мақоми, ваколати ва маълумот манбаи ноаниқ қолиши унинг кўрсатувига берилган баҳони текширишни қийинлаштиради.
Вакиллик ваколати воқеани шахсан билишнинг ўрнини босмайди. Ҳокимга қандай сўзлар айтилгани, қандай талаб қўйилгани ва мажбурлаш нимада ифодалангани суҳбат иштирокчиларининг кўрсатувлари ҳамда бошқа ишончли далиллар орқали аниқланиши лозим.
Ҳукмда ҳокимнинг кўрсатувлари келтирилмагани уни терговда ҳам умуман сўроқ қилишмаганини англатмайди. Бироқ унинг баёни ёки суҳбат мазмунини тасдиқловчи бошқа далиллар очиб берилмаган шароитда, суд мажбурлаш ҳақидаги хулосага қандай келгани тушунарсиз қолмоқда.
Далиллар рўйхати бор. Улардан чиқарилган хулосанинг изоҳи етарлими?
Суд ариза, тушунтириш хатлари, фотосуратдан таниб олиш, нарсани кўздан кечириш баённомалари ва ашёвий далилларни санаб ўтган. Лекин телефон қўнғироғини тасдиқлайдиган далил билан суҳбатда мажбурлаш бўлганини тасдиқлайдиган далилнинг вазифаси бошқа-бошқа. Шахсни фотосуратдан таниб олиш ҳам унинг айнан қандай жиноий талаб қўйганини ўз-ўзидан исботламайди. Ҳар бир далил айбловнинг қайси белгисини тасдиқлаши тушунтирилиши керак.
Олий суд Пленумининг "Суд ҳукми тўғрисида"ги қарори ҳам айбловни тасдиқловчи ва оқловчи далиллар мазмунини ёритишни, уларга баҳо беришни, рад этилган далиллар бўйича эса сабабларни асослашни талаб қилади.
Гувоҳ М.З.нинг ҳукмда келтирилган кўрсатуви ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Унинг айтишича, Дж.дан қурилиш мумкинлигини билиб бериш сўралган, кейин эса қуриш мумкин эмаслиги ҳақида хабар олинган.
Бу кўрсатув телефон суҳбатининг барча тафсилотларини тасдиқламайди. Аммо мурожаат мақсади ва рад жавобидан кейинги ҳаракатлар ҳақида ҳимоя учун аҳамиятли маълумот беради. Суд унинг қайси қисмини қабул қилгани, қайси қисмини рад этгани ва нима сабабдан шундай баҳолаганини очиши лозим эди.
Ҳукмнинг бир жойида судланувчи айбига иқрор эмаслиги, бошқа жойида эса қисман иқрор бўлгани ёзилгани ҳам изоҳ талаб қилади. Қўнғироқ қилганини тан олиш товламачилик ёки мажбурлаш жиноятини тан олиш дегани эмас.
Қўнғироқ қилинганини исботлаш унда товламачилик ёки мажбурлаш бўлганини исботлаш дегани эмас. Процессуал мақомнинг номи унинг ҳуқуқий асосини, далиллар рўйхати эса уларнинг мазмунли таҳлилини алмаштира олмайди.
Жазонинг адолатлилиги ҳам асослантиришни талаб қилади.
Суд ғаразли мақсадни жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топган. Бироқ ЖК 56-моддаси жиноят таркибининг зарурий белгиси бўлган ҳолатни жазо тайинлашда қайта ҳисобга олишни тақиқлайди.
Шу боис товламачилик айбловидаги мулкий ғаразни яна алоҳида оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қўллашга жиддий эътироз мавжуд. Агар суд уни 219-модда бўйича ҳисобга олган бўлса, буни алоҳида асослаши керак эди.
Шунингдек, ҳукмда озодликни чеклаш ўрнига нега озодликдан маҳрум қилиш танлангани етарлича тушунтирилмаган. Жазонинг адолатлилиги унинг санкция доирасида экани билангина ҳал бўлмайди. Айнан шу инсонга, шу ҳолатларда, нега шу жазо зарурлиги ҳам асосланиши лозим.
Бу ҳукмга нисбатан асосий ҳуқуқий эътироз нима?
Тақдим этилган ҳукмда қўнғироқ қилиш ва ўзини бошқа шахс деб таништириш воқеаси баён этилган. Аммо шу воқеадан иккита жиноят содир этилгани ҳақидаги хулосага ўтиш етарлича асосланмаган.
165-модда бўйича мулкий талабнинг аниқ мазмуни ва мажбурлаш механизми, 219-модда бўйича босимнинг мазмуни, талаб қилинган ҳаракатнинг қонунга хилофлиги ва судланувчининг бунга қаратилган қасди очиб берилиши керак эди.
ЖПК 463-моддасига кўра, айблов ҳукми тахминларга асосланиши мумкин эмас. У суд муҳокамасида исботланган айбга ва ишончли далилларга таяниши лозим.
Шунинг учун кейинги инстанцияда ҳар бир айбловнинг зарур белгилари, телефон суҳбатининг ҳақиқий мазмуни ва ҳимоя важлари алоҳида текширилиши зарур. Зарур белгилар тасдиқланмаса, тегишли айблов бўйича оқлов масаласи қўйилиши керак.
Бундай камчиликлар жавобсиз қолса, қандай амалиёт сақланиб қолади?
Жиноят белгилари ва далиллар ўртасидаги боғланиш етарлича очилмаган ҳукмларнинг кучида қолиши айбловни мустақил текшириш ўрнига такрорлаш, далилларни таҳлил қилиш ўрнига санаш, ҳимоя важларини асосли рад этиш ўрнига жавобсиз қолдириш амалиётини мустаҳкамлаши мумкин.
Бу эса суд назоратининг мазмунини сусайтиради. Амалиёт учун "жиноятнинг ҳар бир белгисини исботламасдан ҳам, умумий иборалар билан айблов ҳукми чиқариш мумкин" деган нотўғри сигнал пайдо бўлади.
Шу маънода, мазкур ишда бир инсоннинг тақдири билан бирга, судловнинг исботлаш мезони ҳам муҳокама марказида турибди.
Ҳуқуқий давлатда воқеа жиноятга мослаштирилмайди, жиноят борлиги қонун асосида исботланади. Ҳукмда жиноятнинг номини ёзиш унинг содир этилганини исботламайди. Инсонни озодликдан маҳрум қилиш учун айбловнинг таърифи эмас, унинг ҳар бир зарур белгиси далил билан тасдиқланиши шарт.
Фото: Kun.uz




