Фуқаронинг ўз уйини сотиш ҳуқуқи чекланган. Асос сифатида терговчининг хати кўрсатилмоқда.
Эътироз билдирилса, терговчининг қонуний талабини бажариш мажбурийлиги тушунтирилмоқда.
Лекин талабнинг мажбурийлигини айтишдан олдин, унинг қонунийлигини асослаш керак эмасми?
"Халқ назорати" кўтарган масала ва Кадастр агентлигининг муносабатини ўқиб, терговчининг хатини ҳам кўриб чиқдик.
2026 йил 28 апрелдаги ушбу хатда муайян хонадоннинг олди-сотдисига тақиқ қўйиш сўралган. Сабаб "зарурат туғилганлиги" ва дастлабки тергов муддати чегараланганлиги.
Хатда суд ажримини ёки мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги қарорни ижро этиш сўралмаган. Тақиқ қўйишнинг ўзи сўралган.
Агар бундай процессуал ҳужжат мавжуд бўлганида, унинг реквизитлари кўрсатилиб, нусхаси ижро учун юборилиши кутилар эди. Аммо хатда унга ҳавола ҳам, илова ҳақида қайд ҳам йўқ. Агентликнинг муносабатида ҳам муайян ажрим ёки қарорнинг санаси ва рақами келтирилмаган.
Шундай экан, "балки бошқа ҳужжат бордир", деган тахмин билан бу бўшлиқни тўлдириш ўринсиз. Фуқаронинг ҳуқуқини чеклашга асос бўлган ҳужжат тахмин қилинмайди, кўрсатилади.
Аввало, хатлаш ва тақиқ масаласини аниқлаштирайлик.
Каналимизда аввал ҳам тушунтирганмиз. Мол-мулкни хатлаш фақат уни олиб қўйиш дегани эмас. ЖПКнинг 290-моддасига кўра, хатлаш мулкни тасарруф этишни, зарур ҳолларда ундан фойдаланишни ман қилишни ҳам қамраб олади. Уй мулкдорнинг ўзида қолиши мумкин, аммо уни сотиш ҳуқуқи чекланган бўлади.
Тақиқ турли ҳуқуқий муносабатлар доирасида қўлланилиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай тақиқни хатлаш билан бир хил деб бўлмайди. Лекин жиноят ишида хатлаш мазмунидаги чекловни "фақат тақиқ" деб аташ процессуал кафолатларни четлаб ўтишга рухсат бермайди.
Агар бу хатлаш бўлса, унинг қонуний тартиби бор. Агар бошқа мустақил чеклов бўлса, уни қўллашга ваколат берувчи аниқ ҳуқуқий асос кўрсатилиши керак.
ЖПКнинг 290, 290¹ ва 290²-моддаларида хатлаш масаласини суд орқали ҳал қилиш тартиби белгиланган. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда терговчи ёки суриштирувчининг қарори талаб этилади. Суд ва прокурор 24 соат ичида тегишли материаллар билан хабардор қилиниши, судья эса уларни олгач, 48 соат ичида хатлашнинг қонунийлигини текшириши лозим.
Терговнинг шошилинчи иши борлиги фуқаронинг ҳуқуқий кафолатларини қисқартирмайди. "Муддат чегараланган" деган жумла қонундаги қарор, асослантириш ва суд назорати ўрнини босмайди.
Кадастр агентлиги ЖПКнинг 36-моддасини келтирган. Тўғри, терговчининг қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва чиқарган қарорлари мажбурий. Аммо шу норманинг ўзидаги "қонунга мувофиқ" деган шартни четлаб ўтиб бўлмайди. Умумий ваколат махсус процессуал тартибни бекор қилмайди.
МЖтКнинг 198-моддасидаги жавобгарликни эслатиш ҳам асосий саволга жавоб эмас. Бу модда қонуний талабни ҳимоя қилади. Жарима мавжудлиги талабнинг қонунийлигини исботламайди.
Агентлик таянган "Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида"ги Қонуннинг 56-моддаси тақиқ ҳужжатини бир иш куни ичида рўйхатдан ўтказишни белгилайди.
Аммо ҳужжатни қанча вақтда рўйхатдан ўтказиш уни қандай ваколат ва тартибда қабул қилиш мумкинлигидан бошқа масала. Бир кунлик муддат терговчига ЖПКда белгиланган тартибни хат билан алмаштириш ваколатини бермайди.
Кадастр органидан терговчининг далилларини баҳолаш ёки унинг қарорини бекор қилиш талаб қилинаётгани йўқ. Гап рўйхатдан ўтказиш учун тегишли ҳуқуқий асос мавжудлигини аниқлаш ҳақида кетмоқда. Қонуннинг 5 ва 40-моддалари қонунийликка риоя этишни ҳамда ҳужжатларнинг Қонун талабларига мувофиқлигини аниқлашни назарда тутади.
Мулкдорнинг айбланувчи эмаслиги ҳам ягона мезон эмаслигини ҳисобга оламиз. Фуқаровий жавобгарнинг мол-мулки ёки ашёвий далил деб эътироф этилган мол-мулк ҳам хатланиши мумкин. Аммо бунинг учун ҳам тегишли асос ва процессуал тартиб талаб этилади.
Шу боис жавоб кутаётган саволимиз аниқ. Ушбу хонадонга тақиқ қўйишга асос бўлган процессуал ҳужжат қайси? Агар асос фақат терговчининг хати бўлса, айнан шундай хат билан мазкур чекловни қўллашга қайси норма ваколат беради?
Барча материаллар қўлимизда бўлмагани учун якуний ҳуқуқий баҳо беришга шошилмаймиз. Аммо эълон қилинган хат ва расмий муносабат чекловнинг қонунийлигини етарлича асослаб бермаяпти.
Конституциянинг 66-моддасида мулкдорнинг эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи кафолатланган. Бу кафолатнинг қадри фуқаро давлат идорасига дуч келганида билинади.
Фуқаронинг уйига тақиқ қўйилганида унга "бориб шикоят қилинг", дейиш осон. Давлат органининг вазифаси эса ўз ҳаракатига қонуний асос кўрсатишдир. Қонун моддаларини санаш билан фуқаронинг саволига жавоб берилган бўлиб қолмайди.




