Биз ўқиш билан бирга 27 йилдан бери ҳуқуқ ичидамиз. Судлар, терговлар, кодекслар - бугунги кундалик ишимиз. Лекин ҳайратланарлиси бошқа жойда бўлди.

Давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан 30 та саволнинг атиги 17 тасига тўғри жавоб бердик. Инглиз тилидан эса 30 та саволнинг 24 таси тўғри чиқди. Қолган фанларда эса ҳатто ишламадик, ҳаммасига шартли равишда "А" жавобини белгилаб чиқдик.

Шунда ўзимизга бир савол бердик. Наҳотки ҳуқуқни билмас эканмиз? Йўқ, назаримизда. Масала бошқа ерда. Масалан, тестда Жиноят кодексининг 278⁴-моддаси диспозицияси берилди. Лекин санкцияси йўқ. Кейин эса: "Ушбу жиноят қайси тоифага киради?" деб сўралди.

Бу саволга жавоб бериш учун ҳуқуқий тафаккур ҳам, мантиқий таҳлил ҳам керак эмас. Фақат битта нарса керак - модданинг санкциясини ёддан билиш, биз эса ёдламаганмиз, бунга эҳтиёж ҳам сезмаймиз.

Шунда беихтиёр савол туғилади, биз ҳуқуқшунос танлаяпмизми ёки кодексни ёд олган абитурентними?

Ахир эртанги судья ҳам, прокурор ҳам, адвокат ҳам судда моддаларни ёддан айтиш учун эмас, қонунни тўғри қўллаш учун ўтиради. Яхши ҳуқуқшуноснинг кучи хотирасида эмас. Унинг кучи тафаккурида. Биз бу бўйича ўз эътирозларимизни ҳам ёздик. Энди эса кутамиз...

Эҳтимол, бу саволга бериладиган жавоб эртанги ҳуқуқ таълимининг йўналишини белгилаб берар.

Аввалроқ тест синовларида иштирок этганлигимиз ҳақида тўхталган эдик.