Бугун 2026-2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул учун ўтказилаётган тест синовларида давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан берилган саволлар билан танишиб чиқдик.
Ростини айтсак, кўрганларимиз бизни ўйлантирди. Саволларнинг деярли барчаси абитурентнинг ҳуқуқий тафаккурини эмас, хотирасини синашга қаратилгандек.
Масалан, тестда Жиноят кодексининг 278⁴-моддаси биринчи қисми диспозицияси келтирилган. Лекин санкцияси берилмаган. Шундан кейин савол қўйилади. "ЖКнинг 15-моддасига асосан ушбу жиноят қайси тоифага киради?"
Бундай саволга жавоб бериш учун мантиқий фикрлаш ҳам, ҳуқуқий таҳлил ҳам керак эмас. Фақат битта нарса талаб қилинадики, ушбу модданинг санкциясини ёддан билиш.
Ҳолбуки, Жиноят кодексининг 15-моддаси жиноят тоифасини айнан санкцияга қараб белгилайди. Санкция берилмаган экан, демак, саволнинг мақсади ҳам аниқки, абитурент ушбу моддани ёддан биладими ёки йўқ.
Бу биргина мисол, холос. Шунда беихтиёр савол туғилади. Биз ҳуқуқшунос танлаяпмизми ёки кодексни ёд олган абитурентними?
Энг қизиғи, бу ёндашув дунёнинг етакчи ҳуқуқ университетлари қабул фалсафасига мутлақо тескари. У ерда университетнинг вазифаси шуки, қонунни ўргатиш. Қабул комиссиясининг вазифаси эса қонунни ўрганишга қобилиятли инсонни саралаш.
Шунинг учун улар абитурентдан қайси модданинг санкцияси қанча эканини эмас, қандай фикрлай олишини сўрайди. Берилган вазиятни таҳлил қилиш, далилларни баҳолаш, мантиқий хулоса чиқариш - мана шу кўникмалар баҳоланади.
Чунки эртанги судья ҳам, прокурор ҳам, адвокат ҳам судда моддаларни ёддан айтиш учун эмас, уларни тўғри қўллаш учун ўтиради. Афсуски, баъзан бизда эса яхши ҳуқуқшунос деганда, Жиноят кодексининг юзлаб моддалари ва уларнинг санкцияларини ёддан айта оладиган инсон кўз олдимизга келади. Ваҳоланки, ҳуқуқшуноснинг қиймати хотираси билан эмас, тафаккури билан ўлчанади.
Моддани исталган пайт очиб ўқиш мумкин. Изоҳини ҳам, суд амалиётини ҳам топиш мумкин. Аммо мантиқий фикрлаш, ҳуқуқий таҳлил қилиш ва адолат туйғусини кейинчалик ёдлатиб бўлмайди.
Шунинг учун қабул тизими ҳам айнан шу фазилатларни саралаши керак. Бу фикр нафақат олий таълим муассасаларига, балки ҳуқуқ йўналишидаги лицей ва техникумларга қабул қилишга ҳам тегишли. Чунки яхши ҳуқуқшунос қонунни ёд олган одам эмас. Яхши ҳуқуқшунос қонунни тушунадиган, таҳлил қиладиган ва уни ҳаётда тўғри қўллай оладиган инсон.
Биз эътирозларимизни тегишли тартибда ҳам баён қилдик. Энди эса бир саволга жавоб кутамиз: Қабул тизими абитурентдан "Нимани ёд олдинг?" деб сўрайдими ёки "Қандай фикрлайсан?" дебми?
Эртанги ҳуқуқшуноснинг сифати айнан шу саволга бериладиган жавобга боғлиқ.
*Фотосуратда ТДЮУ устозлари билан тест саволларини муҳокама қилган лаҳза




