Яқинда Олий суд раҳбарияти ва адвокатлар ўртасида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда муҳим бир концептуал масалани ҳам ўртага ташлаган эдик: "Нега бўлажак ва амалдаги судьяларимизга тизимли равишда "Ҳуқуқ фалсафаси" фани ўқитилмайди?"
Ушбу саволимизнинг узвий давоми сифатида йўллаган мурожаатимиз юзасидан Одил судлов академиясидан расмий жавоб олдик. Жавоб тизимимиздаги энг катта оғриқли нуқтамизни яққол очиб берди: Академия ўз курсларида асосан судьялик касбий маданияти ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратар экан. "Ҳуқуқ фалсафаси" каби базавий фанлар эса ўқув дастурига киритилмаган ва келажакда ҳам киритилиши режалаштирилмаган.

Хўш, "амалий кўникма"нинг ўзи судья учун етарли эмасми? Нега Гарвард, Оксфорд ёки Йель каби дунёнинг етакчи ҳуқуқ мактабларида юристларга биринчи навбатда айнан Ҳуқуқ фалсафаси ўқитилади?
Жавоб оддий ва қатъий: Фалсафасиз ҳуқуқ - бу шунчаки руҳсиз қоидалар тўпламидир. Қонуннинг моҳиятини ва унинг ортидаги ижтимоий мувозанатни англамаган судья адолат ўрнатувчи эмас, балки нормаларни механик татбиқ қилувчи "ҳуқуқ оператори"га айланиб қолади.
Бунинг реал амалий оқибатларини узоқдан қидириш шарт эмас. Сўнгги вақтларда жамоатчиликни ларзага солган суд ишлари тизимда фалсафий тафаккур ва мутаносиблик (пропорционаллик) ҳисси қанчалик етишмаётганини кўрсатмоқда.
Масалан, Сурхондарёда 2 миллион сўм (тахминан 150 АҚШ доллари) пора олган мактаб директори 4 йилга, Жиззахда эса 300 доллар учун бошқа бир директор 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.
Қуруқ ҳуқуқий позитивизм (Жиноят кодекси нормаларини кўр-кўрона қўллаш) нуқтаи назаридан суд тўғри қилди. Аммо "ҳуқуқ ва иқтисодиёт" фалсафий мактаби нуқтаи назаридан қарайлик. Давлат бир маҳкумни 4-5 йил давомида колонияда сақлаш, боқиш ва қўриқлаш учун жиноят объекти бўлган 150-300 доллардан ўнлаб баробар кўп маблағ сарфлайди.
Жазодан асл мақсад нима ўзи? Озодликдан маҳрум қилиш каби энг оғир чора инсон жамият учун реал ва жисмоний хавф туғдиргандагина оқланади. Коррупцияга қарши энг шафқатсиз курашадиган Сингапур тажрибасида 4000 доллар пора берган шахс 8 ойга, тизимли равишда пора олган миграция офицери 26 ойга қамалмоқда.
Нега? Чунки уларнинг судларида жазо тайинлашда содир этилган қилмиш оғирлигига мутаносиблик тамойили ишлайди. Биздаги даҳшатли рақамлар эса инсонни ахлоқан тузатишга эмас, шунчаки тизимнинг "қатағон" статистикасини тўлдиришга хизмат қилаётгандек.
Ёки механик адолатсизлик ёки 20 минглик чек қурбонини мисол қилсак. Кўчада китоб сотиб тирикчилик қилаётган фуқаро 20 минг сўмлик чек бермагани учун 2 миллион сўм жаримага тортилиб, 100 та китоби мусодара қилинди.
Судьянинг "амалий кўникмаси" МЖтКнинг 176-моддасини муваффақиятли топди ва қўллади. Лекин судьяда cоциологик ҳуқуқшунослик тафаккури йўқлиги сабабли, у мусодара қилинаётган нарса оддий контрабанда товари эмас, балки миллатнинг маънавияти эканлигини, бу қарорнинг жамиятдаги ижтимоий резонанси қандай бўлишини кўра олмади. Қонун бузилдими? Ҳа. Жарима ўринлими? Балки. Лекин 100 та китобни тортиб олиб чиритиш жамиятга қандай фойда келтирди? Мусодара бу ўринда ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга эмас, илмни йўқ қилишга айланиб қолмадими?
Демак, қонун кар ва кўр бўлмаслиги шарт. Конституциямизнинг 20-моддасида давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши шартлиги қатъий белгилаб қўйилган. Мутаносиблик - бу кодексдаги қуруқ рақам эмас, бу судьянинг ички адолат тарозиси, яъни соф ҳуқуқ фалсафасидир.
Олий суд раҳбариятининг айрим ҳолатлар (масалан, китоб сотувчи иши) бўйича билдирган танқидий муносабати қуйи инстанцияларга берилган муҳим сигналдир: "Қонунни механик тарзда қўлловчи робот бўлманг, инсон тақдирини унутманг."
Аммо бундай сигналлар тизимли ўзгариш яратиши учун, ислоҳотлар базавий таълимдан бошланиши керак. Агар Одил судлов академияси судьяларни фақат нормаларни механик татбиқ этишга ўргатиб, уларнинг онгига "Қонун бу - аввало инсон қадри ва ижтимоий мувозанат" деган фалсафани сингдирмас экан, биз суд залларида адолатни эмас, балки статистика ва кўр-кўрона ижрони кўпайтираверамиз.
Суд қарорининг энг муҳим мезони фақатгина қонунийлик эмас, балки инсоф ва адолат мезонига ҳам жавоб беришидир. Адолат ҳисси йўқолган жойда эса қонуннинг тарбиявий таъсири ноль қийматга тенглашади.




