Биз Мирзо Улуғбек туман судининг тахминларга қурилган "копия" ажрими ҳақида гапирганимизда, бу эҳтимол алоҳида бир ҳолатдир, деган умид бор эди. Аммо, минг афсуски, тизимда инсон тақдирини ҳал қилиш шунчаки қоғозбозликка, мудҳиш "copy-paste" эпидемиясига айланиб улгурганига яна бир бор амин бўлдик.

Қўлимда навбатдаги суд ҳужжати.

Жиноят ишлари бўйича Мўйноқ туман суди раиси Дамир Зиямбетовнинг 2025 йил 16 октябрдаги ажрими. Иш бошқа, одам бошқа, ҳудуд бошқа, аммо важлар - ўша-ўша қотиб қолган, руҳсиз эгизак штамплар! Судья Д.Зиямбетов судланувчи Т.Т.га қўлланилган гаровни бекор қилиб, уни тўғридан-тўғри суд залидан қамоққа оляпти. Сабабларини ўқиб эса, процессуал мантиқ уёқда турсин, оддий инсоф ва адолат қаерда қолди, деб ёқа ушлайсиз.

Келинг, шу асосларни биргаликда таҳлил қилайлик:

"...Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшаш жойига эга эмаслиги..." — Бу нима деган гап ўзи? Ўзбекистон фуқароси маълум бир ҳудудда доимий яшаш жойи йўқлиги учун қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши керакми? ЖПКнинг 242-моддасида "Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаса" деган қоида бор. Ўзбекистон Конституциясининг 83-моддасига кўра, Қорақалпоғистон - Ўзбекистоннинг ажралмас қисми-ку! Қачондан бери ўз ватанининг бир қисмида пропискаси йўқлиги одамни панжара ортига ташлаш учун асос бўлиб қолди?

"...жиноят изларини яшириш ва гувоҳларни кўндириш эҳтимоли борлиги..." - Ўзлари ўз қўли билан очиқчасига "эҳтимоли бор" деб ёзибди. Инсон озодлигини қуруқ тахмин ва фараз билан тортиб олиш мумкинми? Ахир бу одам терговга чақирилган 6 та ҳолатнинг барчасида (ҳатто гувоҳ бўлган пайтида ҳам) ўз оёғи билан, суд ва терговнинг адолатига ишониб етиб келган-ку! У гаров талабларини заррача бузмаган. Агар бузганида, ЖПКнинг 249-моддасига асосан гаров пули давлатга ўтарди. Аммо суд бундай қарор чиқармаган. Демак, ҳеч қандай қоидабузарлик йўқ! Шунда ҳам тизимга ишониб келган одамни қамоққа олиш — бу одил судловга бўлган ишончни синдириш эмасми?

"...зарарлар тўлиқ қопланмаганлиги..." - ЖПКда бундай асос умуман йўқ! Ҳали суд тергови тугамади, далиллар текширилмади, бу зарар ҳақиқатан ҳам жиноят оқибатими ёки йўқми, аниқланмади. Лекин суд шахсни аллақачон де-факто айбдор қилиб, «ҳукмдан олдин ҳукм» чиқариб бўлди. Бу - биз ишонган айбсизлик презумпциясининг очиқчасига топталиши ва паймол қилинишидир!

Қамоқ - бу шунчаки иш жараёнидаги процессуал қулайлик воситаси эмас! Инсонни оиласидан, ҳаётидан ва жамиятдан узиб олиш адолат йўлидаги энг сўнгги, мутлақ исботланган чора бўлиши шарт. Агар суд залида инсон тақдири факт ва далиллар билан эмас, балки судьянинг субъектив "эҳтимоли" ва кодексдан кўр-кўрона кўчирилган қуруқ сўзлар билан ҳал қилинар экан, қонун талабларини оёқости қилиб, бундай фактсиз, шаблон ажрим чиқарган судьянинг кундалигига иккиланмасдан "2" баҳо қўйиш керак!