Водийга қатнайдиган ҳайдовчилар яхши билади. Намангангача бўлган йўлда жуда кўп радарлар бор. Лекин кўпчилик ҳайдовчилар тезлик чекловини эмас, радарларнинг қаерда турганини ёдлаб олишган. Радарга яқинлашганда тормоз босилади. Радардан ўтгач эса яна газ босилади. Муаммо ҳам айнан шунда.
Радарлар ҳайдовчининг тезлигини қисқа муддатга ўзгартиряпти, лекин ҳаракат маданиятини ўзгартиролмаяпти. Ахир ҳалокат радар турган жойда эмас, йўлнинг исталган қисмида содир бўлиши мумкин-ку.
Шундай экан, асосий савол шуки, ҳайдовчини радардан қўрқишга эмас, қоидага амал қилишга қандай ўргатамиз?
Бизга кўра, бунинг бир нечта ечими бор.
Биринчидан, ҳайдовчи жарима қаердан келишини эмас, тезликнинг оқибатини билиши керак. Телевидение, ижтимоий тармоқлар ва йўллардаги электрон таблоларда ҳақиқий ҳалокатлар статистикаси, жабрланган оилалар қисмати кўпроқ кўрсатилиши лозим.
Иккинчидан, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёнида қоидаларни фақат ёдлаш эмас, хавфни англашга кўпроқ урғу бериш керак. Одам жаримадан эмас, бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлиб қолишдан қўрқиши лозим.
Учинчидан, бир нуқтадаги тезлик эмас, маълум масофадаги ўртача тезликни назорат қилиш тизимларини жорий этиш ҳақида ўйлаш керак. Шунда ҳайдовчи радар олдида секинлаб, кейин учиб кетиш орқали тизимни айланиб ўтолмайди.
Тўртинчидан, жазо муқаррарлиги билан бирга рағбат ҳам бўлиши керак. Масалан, узоқ вақт давомида қоидабузарлик қилмаган ҳайдовчилар учун айрим имтиёзлар ёки рағбатлантирувчи механизмлар жорий қилинса, бу ҳам ижобий натижа беради. Чунки инсонни фақат жазо эмас, эътироф ҳам тарбиялайди.
Муаммо радарларда эмас. Муаммо ҳайдовчининг онгида. Ечим эса яна ўша ерда ҳайдовчини радарни эмас, қонунни ҳурмат қилишга ўргатишда.




