Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти ҳамда адвокатлар ҳамжамияти вакиллари ўртасида навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Бу шунчаки тақвимдаги навбатдаги тадбир эмас. Бу ўтган йили асос солинган ва бугун аллақачон ҳуқуқий муҳитда муҳим анъанага айланаётган “адолат диалоги”нинг мантиқий давомидир.
Кўп ҳолларда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги учрашувлар расмиятчилик сифатида қабул қилинади. Гапирилади, эшитилади, аммо натижа сезилмайди.
Аммо ушбу формат бошқача ишламоқда.
Бугунги учрашувнинг энг муҳим жиҳати - ҳисобдорлик бўлди.
Ўтган йилги мулоқотларда адвокатлар томонидан кўтарилган муаммо ва таклифлар юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида берилган қисқа, аммо мазмунли ахборот жамиятга жуда муҳим сигнал берди:
"Биз сизни эшитдик. Танқидни қабул қилдик, ўзгартирдик ва ўзгартирмоқдамиз."

Аслида, адвокатлар суд тизимидаги оғриқли нуқталарни энг яқиндан ҳис қиладиган қатламдир. Чунки адвокат тизимни ташқаридан кузатувчи эмас, балки ҳар куни унинг ичида юрадиган, инсон тақдири билан юзма-юз ишлайдиган субъектдир.
Шу маънода, адвокатларни эшитиш тизимдаги “касаллик”ка аниқ ташхис қўйиш демакдир.
Одил судлов тизимида камчиликлар мавжудлигини яширмасдан, уларни очиқ муҳокама қилиш заифлик эмас. Бу кучли сиёсий ирода, институционал етуклик ва ҳақиқий ислоҳот белгисидир.
Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбариятининг ҳеч қандай воситачиларсиз адвокатлар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришаётгани тизимли муаммоларга “тезкор ва қатъий” ечимлар топиш имконини бермоқда.
Албатта, қилиниши лозим бўлган ишлар ҳали кўп. Ҳал этилиши керак бўлган мураккаб вазифалар оз эмас. Лекин энг муҳими йўналиш тўғри белгилангани. Чунки очиқ мулоқот ислоҳотларни “симптом”ларга эмас, балки “иллат”ларга қарши йўналтириш имконини беради.
Бу мулоқотлар орқали тизим ўзини ташқи мустақил экспертлар адвокатлар ёрдамида таҳлил қилмоқда, мониторинг қилмоқда ва соғломлаштирмоқда.

Бу эса ёпиқликдан очиқликка, расмиятчиликдан ҳақиқий мулоқотга, инкордан тан олиш ва ечим топиш маданиятига ўтишдир.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва адвокатлар ҳамжамияти ўртасидаги бундай мазмунли мулоқотлар нафақат анъанага айланиши, балки ҳар бир учрашув янги амалий натижалар, янги ечимлар ва энг муҳими адолатга бўлган ишончни мустаҳкамлайдиган қадамлар билан бойиб бориши керак.




