Ушбу суд қарорига эътибор қаратмасак бўлмас.

Жиззах вилоятида мактаб директори технология фани ўқитувчисидан дарс соатини камайтирмаслик ва ишдан бўшатиб юбормаслик эвазига 300 АҚШ доллари миқдорида пора олгани учун 66 ой, яъни 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

Албатта, коррупцияга қарши кураш - давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифа. Бу борада муросасиз позиция бўлиши шарт. Чунки мансаб ваколатидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш жамиятнинг давлат институтларига бўлган ишончини емирувчи хавфли иллат ҳисобланади.

Бироқ ҳуқуқий давлатда яна бир асосий тамойил мавжуд - жазо мутаносиблиги.

Бу тамойил Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам мустаҳкамланган. Конституцияга кўра(20), давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

Бошқача айтганда, ҳуқуқий давлатда жазо фақат қонуний бўлиши етарли эмас, у адолатли ва содир этилган қилмиш оғирлигига мутаносиб бўлиши ҳам керак.

Шу нуқтаи назардан қараганда, табиий савол туғилади:

300 долларлик пора учун 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси - қанчалик мутаносиб?

Хориж амалиётига назар ташласак, коррупцияга қарши энг қатъий сиёсат юритадиган давлатлардан бири - Сингапур ҳисобланади. Бу мамлакатда ҳам пора олиш жинояти жуда жиддий баҳоланади. Шу билан бирга, судлар жазо тайинлашда бир қатор омилларни ҳисобга олади: пора миқдори, жиноятнинг ижтимоий хавфи, айбдор шахснинг роли, аввал судланган-судланмагани ва иш ҳолатлари.

Масалан, Сингапурда бир ишда икки марта 2000 доллар миқдорида пора берган шахс айбини тан олган ва суд томонидан жами 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Яна бир мисолда, Сингапурнинг Immigration & Checkpoints Authority (ICA) офицери Muhammad Mustaffa Bin Mohabat Ali чет элликларнинг визаларини ноқонуний узайтириш учун 250–550 доллар миқдорида пора олгани аниқланган.

Суд уни 26 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган.

Бу мисоллар шундан далолат берадики, коррупцияга қарши кураш қанчалик қатъий бўлмасин, суд амалиётида жазо тайинлашда пора миқдори ва жиноятнинг реал ижтимоий хавфи ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Чунки жазо фақат жазолаш воситаси эмас. У адолат, мутаносиблик ва ҳуқуқий тарбия тамойилларига ҳам таяниши керак.

Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур ишда тайинланган 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси жамоатчилик орасида жазонинг оғирлиги ҳақида саволлар уйғотиши табиий.

Коррупцияга қарши кураш, албатта, қатъий бўлиши керак. Аммо ҳуқуқий давлатда яна бир муҳим қоида бор: жазо нафақат қонуний, балки адолатли ҳам бўлиши керак.

Чунки адолат ҳисси йўқолган жойда қонуннинг тарбиявий таъсири ҳам заифлашади.