Ҳуқуқшуносликдаги “монополия” нимага олиб келади?

Адвокат Бектош Ҳатамовнинг кўтарган масаласи эътиборни тортди:

"Мамлакат ривожланиб боргани сайин ҳуқуқшуносларга бўлган талаб ҳам ортиб боради, баъзи олимлар ҳуқуқшунослар сонини мамлакатнинг ЯИМ (ялпи ички маҳсулоти)га ҳам боғлашган. Унга кўра, ҳар бир миллиард учун тахминан 1200 нафар ҳуқуқшунос керак.

2023-йилга кўра, Ўзбекистон ЯИМ 115 миллиардга етди. Ўзбекистон ўз олдига қўйган мақсадлар ва стратегияларга қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич йилдан-йилга ортиб бораверади.

Биз ҳуқуқшунос деганда фақатгина прокурор, судьяни тушуниб қолганмиз, лекин ҳозир жамиятга, бизнесга ҳуқуқшунос кадрлар етишмаётганлигини мен шу бизнеснинг ичидан туриб биламан. Адвокатларга талаб эса йил сайин ўсиб бормоқда, биз умуман ЯИМга кўра, қоплаш учун жуда кўплаб ҳуқуқшунос чиқаришимиз керак.

Бундан ташқари, мамлакатда қанчалик ҳуқуқшунос кўп бўлса, шунчалик жиноятчилик камаяди, қонунга нисбатан ҳурмат ва итоаткорлик ошади, бу эса ўз-ўзидан мамлакат ривожига мисли кўрилмаган ҳам моддий, ҳам маънавий фойда олиб келади.

Лекин назаримда ҳуқуқшунослик йўналишига ўзига хос сунъий тўсиқ қўйилганга ўхшайди, ўзингизга маълум, биз ҳам @profiuniversity ҳуқуқшунослик йўналишига лицензия олиш учун ариза топширган эдик.

Биринчи аризага кўра, вазирлик адлия вазирлигидан мутахассис хулосасини сўради, аслида бу хулоса ҳам ўзи шарт эмас эди, чунки қонун Адлия вазирлиги хулоса берса, кейин берасан деган жойи йўқ, хулоса керак бўлса, хоҳлаган нейтрал ташкилотдан ҳам олса бўлади.

Хулосанинг ҳолатига ҳам эътибор берсак, на сана, на ташкилот номи, на хулоса берувчи мутахассисларнинг лавозими, илмий даражаси кўрсатилган, шунчаки бир вараққа берилган, тўртта одам қўл қўйган хулоса, юридик жиҳатдан ҳеч қандай кучга эга эмас.

Адлия вазирлигидан келган дейилган экспертлар тўққизта камчилик ёзиб кетишди, мен файлни ўзини ҳам юқорида оммага ташлайман кўриб олишларингиз учун, аслида камчиликлар тирноқ остидан кир қидиришдек гап, масалан, ўқув дастурининг охирги бетида тузувчиларнинг исм, фамилияси, лавозими ёзилмаган ёки китоблар ксерокопия экан, оригинал бўлиши керак, муаллифлик ҳуқуқи бузилмоқда ва ҳз.

Хуллас ўзингиз ҳам ўқиб олишингиз мумкин, албатта биз бу камчиликларнинг барчасини бартараф қилдик ва Вазирлар Маҳкамасининг 80-сонли қарорига мувофиқ 15 иш кунидан кечиктирмай қайта аризани Ахборот порталидан юбордик.

Қонунчиликка кўра, биринчи марта рад этилганда унда рад этилиш учун сабаблар кўрсатилади, кейинги сафар яна ариза берилганда дастлабки кўрсатилган сабаблардан бошқа янги сабабларни қўшиш мумкин эмас.

Ҳа, қонунчилик бўйича шундай, лекин амалда қандай бўлишини вақт кўрсатади. Биз ҳозирча барча айтилган камчиликларни тўғирлаб қўйдик, буларни тўғирлаш биз учун қийинчилик туғдиргани йўқ.

Хаёлимда адлия вазирлиги тиш-тирноғи билан ҳуқуқшнунослик йўналиши бўйича лицензия беришга қаршилик қилмоқда, бунга бир қанча сабаблар борлигини ўйлаб кўрдим.

Адлия томонидан хусусий олийгоҳга хулоса бериш бу қўзичоқни бўрининг оғзига тиқиб гўштини бир татиб бер дейиш билан баробар.

Чунки Адлия вазирлиги ҳузуридаги юридик университет йилига минглаб абитуриентларни супер-контракт асосида қабул қилади, бу эса миллиардлаб, ҳатто триллионлаб пул, бу йўналишга хусусий сектор кириб келиши эркин рақобатни ҳосил қилади ва супер контракт ўрнига хусусийда таълим олиш абитуриент учун молиявий фойдали бўлиб қолади.

Менга ҳозирда бу ҳолат эркин рақобатдан қочишдек туюлмоқда. Лекин нима бўлганда ҳам ҳуқуқшунослик йўналишига қўйилаётган бу сунъий тўсиқ бутун мамлакат, жамият ривожига қўйилаётган тўсиқ деб тушуниш керак.

Камчилик манфаати учун кўпчиликнинг зарар кўриши десак ҳам бўлаверади. Воқеалар ривожини биргаликда кузатамиз."