Тергов ҳибсхонасидаги навбат: замонавий ечим вақти келмадими?

Адвокат Бобур Набиев ўз саҳифасида жойлаган масала эътиборимиздан қола олмади.

Марказий тергов ҳибсхонасида қабул расман соат 08:30 да бошланади. Аммо амалда адвокатлар ҳимоя остидаги шахс билан учрашиш имкониятини қўлдан чиқармаслик учун соат 7:30 бўлмасидан навбатга ёзилишга мажбур бўлишмоқда. Ҳатто шундай вақтда келган адвокат ҳам 20–30-ўринларда туриб қолиши мумкин.

Натижада адвокатлар бир неча соатини навбатда ўтказади, ҳимоя остидаги шахс билан учрашув эса кўп ҳолларда соат 10 лардан кейин бошланади.

Бу ҳолат, албатта, тергов ҳибсхоналари ходимларининг меҳнати ёки интизомига баҳо бериш масаласи эмас. Масаланинг моҳияти бошқа жойда - жараённи ташкил этиш усулида.

Бугун банклар, давлат хизматлари марказлари ва бошқа кўплаб тизимларда электрон навбат ва онлайн брон қилиш амалиёти муваффақиятли ишлаяпти. Шундай экан, ҳимоя ҳуқуқи билан боғлиқ бундай муҳим жараёнларда ҳам рақамли навбат тизимини жорий қилиш ҳақида ўйлаб кўриш фойдали бўларди.

Масалан, адвокатлар учун онлайн навбатга ёзилиш, ҳимоя остидаги шахс билан учрашув вақтини олдиндан брон қилиш, навбат яқинлашганда SMS ёки Telegram орқали автоматик хабар олиш, ҳибсхонага келганда QR-код орқали тезкор рўйхатдан ўтиш каби механизмлар йўлга қўйилса,

бу нафақат адвокатлар учун, балки тизимнинг ўзи учун ҳам вақтни тежайдиган ва тартибни яхшилайдиган ечим бўлар эди.

Чунки адолат фақат қарорларда эмас, жараёнларнинг ўзида ҳам намоён бўлиши керак.

Тергов ҳибсхонасида навбатлар тугайдими? Адвокатлар учун янги рақамли тизим ишга тушмоқда

Мазкур ҳолат юзасидан Марказий тергов ҳибсхонаси бошлиғи, полковник Эшкабул Эрназарович Дусанов маълумот берди. У киши тергов ҳибсхонасида амалга оширилаётган ишлар билан шахсан таништириб, режалаштирилаётган янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Маълум қилинишича, Президентнинг рақамлаштиришга оид фармонлари ижроси доирасида ҳибсхона инфратузилмасини кенгайтириш ва адвокатлар учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, терговчилар учун 8 та, адвокатлар ва қонуний вакиллар учун эса 42 та учрашув хонаси тайёрланаётгани маълум қилинди. Шу билан бирга, агар терговчилар хоналари бўш бўлса, улардан адвокатлар ҳам фойдаланиши мумкинлиги айтилди. Бу эса амалда 50 тага яқин учрашув хонасидан фойдаланиш имконияти бўлишини англатади.

Бундан ташқари, суд жараёнларида видеоконференцалоқа режими орқали иштирок этишни таъминлаш мақсадида 11 та махсус хона ҳам тайёрланмоқда. Бу орқали ҳибсхонада сақланаётган шахсларни суд мажлисларига масофадан туриб улаш имконияти янада кенгайтирилиши кўзда тутилган.

Энг муҳим янгиликлардан бири шуки, адвокатлар учун онлайн навбат тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Унга кўра, адвокатлар ҳимоя остидаги шахс билан учрашув вақтини олдиндан брон қилиши, навбат яқинлашганда SMS орқали автоматик хабар олиши, ҳибсхонага келганда QR-код орқали тезкор рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади.

Шунингдек, адвокатлар, терговчилар, қонуний вакиллар ҳамда қисқа муддатли учрашувга келувчилар учун алоҳида кириш учун назорат пункти ташкил этиш ишлари ҳам олиб борилаётгани билдирилди.

Маълумотларга кўра, мазкур янгиликларнинг асосий қисми 2026 йил май ойида амалиётга жорий этилиши кутилмоқда.

Яна бир муҳим маълумот: айни пайтда ҳибсхонага олиб келинган шахс E-mahkum тизимига киритилиши билан у айтган яқин қариндошларининг телефон рақамларига автоматик SMS хабар юборилади.

Унда шахснинг ҳибсхонага келганлиги, бошқа муассасага юборилганлиги, ёки бошқа муассаса томонидан қабул қилинганлиги ҳақида маълумот етказилади.