18 йил-у 6 ойдан кейин инсон оқланди. Олий суд уни реабилитация қилди.
Демак, айблов асоссиз бўлган. Шу ергача адолат бор эди. Аммо кейин… адолат йўқолди.
Фуқаролик судига мурожаат қилди. “Бу иш ҳарбий судга тегишли”, деди. Ҳарбий судга борди. “Йўқ, бу фуқаролик ёки маъмурий суд иши”, деди. Шу тариқа, судлар ўртасида “пинг-понг” бошланди.


Инсон оқланган. Лекин ҳануз адолатга ета олмаяпти. Аслида қонун нима дейди?
Реабилитация фақат оқлаш эмас, ҳуқуқларни тиклаш, зарарни қоплаш, хатони тузатиш. Демак, зарарни ундириш реабилитациянинг ажралмас қисмидир.
Аммо амалиётда нима бўляпти? Судлар ишнинг мазмунига кириш ўрнига, “бу кимга тегишли?” деган баҳона ортига яшириниб олмоқда. Бир суд иккинчисига юборяпти. Иккинчиси эса яна қайтаряпти. Натижада инсон иккинчи марта жабрланувчига айланмоқда.
Энг хатарли жиҳат шуки, агар бу амалиёт давом этса, эртага ҳар қандай реабилитация қийматсиз ҳужжатга айланади. Чунки оқлаш бор, лекин компенсация йўқ.
Судлар ўртасидаги юрисдикция баҳси фуқаронинг муаммоси эмас, бу ички масаласи. Фуқаро эса бир нарсани талаб қилади: қайси суд бўлишидан қатъи назар, адолат таъминлансин.




