Республиканинг турли ҳудудларидаги суд мажлисларида иштирок этамиз. Амалиёт, одатда, ўхшаш: айблов ўқилади, тарафлар сўзга чиқади, далиллар муҳокама қилинади. Лекин Қорақалпоғистон Республикаси судларида гувоҳ бўлган бир ҳолат эътиборимизни тортди.
Суд мажлиси бошланиши билан раислик этувчи судья қамоқда сақланаётган шахсга оддий, лекин мазмунан жуда муҳим бир савол беради:
“Сақланаётган жойдаги шарт-шароитлар бўйича шикоят ёки эътирозларингиз борми?”
Бир қарашда бу оддий савол. Аммо унинг ҳуқуқий ва инсоний аҳамияти катта.
Аввало, бу - қамоқда сақланаётган шахснинг ҳуқуқлари фақат қоғозда эмас, амалда ҳам эътиборда эканини англатади. Чунки тергов ҳибсхонаси ёки сақлаш жойларидаги шароитлар қонун талабларига мос бўлиши устидан суд назорати ҳам муҳим масала ҳисобланади.
Иккинчидан, суднинг бу саволи инсон шаъни ва қадри устувор қадрият эканини амалда кўрсатади. Суд фақат айбловни кўриб чиқувчи орган эмас, балки қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари кафили ҳамдир.
Албатта, бу саволнинг ўзи билан барча муаммолар ҳал бўлиб кетмайди. Лекин шундай амалиётнинг мавжудлиги суднинг инсон ҳуқуқларига бефарқ эмаслигини кўрсатади. Айниқса, эркинлигидан маҳрум этилган шахс учун суд - кўп ҳолларда ўз дардини очиқ айта оладиган ягона минбар бўлиб қолиши мумкин.
Шу боис, бундай ёндашувни фақат бир ҳудуд амалиёти сифатида эмас, балки кенгроқ қўллаш мумкин бўлган яхши ҳуқуқий амалиёт сифатида кўриш мумкин.
Чунки адолат фақат ҳукмда эмас, баъзан суд мажлиси бошида берилган битта саволда ҳам намоён бўлади.




