Масъулияти чекланган жамият томонидан солиқ органига нисбатан банкротлик даври учун корхонага ҳисобланган 35 852 661 сўм пеняни ҳисобдан чиқариш ҳақида даъво аризаси киритилди.
Бир қарашда оддий иқтисодий низо. Бироқ суд бу ишни моҳиятидан эмас, шаклидан келиб чиқиб баҳолади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 25 ва 154-моддаларига таяниб, суд даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этди.
Асос? “Бу низо иқтисодий судга тааллуқли эмас”. Аммо савол: унда қайси судга тааллуқли? Ажримда бу ҳақда жимлик.

Суд даъвогарга қаерга мурожаат қилишни кўрсатмади, низонинг ҳуқуқий табиатини аниқламади, фақат эшикни ёпди. Бу эса амалда бир нарсани англатади, яъни даъвогар суддан судга югуради, вақт кетади, адолат кечикади.
Низонинг асл табиати нима? Бу ерда бир томонда тадбиркор (юридик шахс),
иккинчи томонда солиқ органи, талаб эса пеняни ҳисобдан чиқариш.
Бу давлат органининг қарори ва ҳаракатини низолаш. Демак, бу каби ишлар маъмурий суд ваколатига ёки муайян ҳолларда иқтисодий суд ваколатига кириши мумкин. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам бу низо “судга тааллуқли эмас” деган хулоса асоссиз.
Энг жиддий муаммо формал ёндашув. Суд Пленум тушунтиришларини келтирган. Аммо уларни қўлламади. Чунки амалиётда қоида шундай:
Агар иш нотўғри судга берилган бўлса, суд рад этиш билан чекланмаслиги керак, балки тўғри судни кўрсатиши шарт. Бу одил судловнинг минимал стандарти.
Бу ажрим нимага олиб келади? Бу қарор ҳуқуқий аниқликни таъминламайди, судлар ўртасида “пинг-понг”ни келтириб чиқаради, даъвогарни суд ҳимоясидан маҳрум қилади.
Адолатни излаб келган инсонга суд йўл кўрсатиши керак. Йўлни ёпиб қўйиши эмас.




