Бугун жиноят ишларида янги "гувоҳ" пайдо бўлган. У - скриншот. Telegram ёзишмаси, Instagram саҳифаси, Facebook пости...

Telegramдаги ёзишма қоғозга чиқарилади. "Мана, ўзи ёзган!"

Шу билан гўё масала ҳал. Аслида эса ҳуқуқий таҳлил айнан шу ердан бошланиши керак. ЖПКнинг 204¹ ва 204²-моддалари электрон маълумотлар ва рақамли далилларни алоҳида ҳуқуқий тартибга солади. Қонун рақамли далилнинг кўчирмасидан фойдаланишни ҳам тан олади. Аммо кўчирма борлиги ҳақиқат исботлангани дегани эмас.

Скриншот фақат экранда муайян тасвир бўлганини кўрсатади. У ўз-ўзидан аккаунт кимга тегишли эканини, хабарни айнан ким ёзганини, матн ўзгартирилмаганини, ёзишманинг бир қисми олиб ташланмаганини, ва энг муҳими, хабар қандай мазмунда айтилганини автоматик исботламайди.

Шунинг учун рақамли далилда энг муҳим нарса шуки, манбадан судгача бўлган ишонч занжири. Манба → Яхлитлик → Айнанлик → Алоқадорлик → Мақбуллик → Ишончлилик.

ЖПКнинг 95-моддаси ҳам далилни айнан алоқадорлик, мақбуллик ва ишончлилик нуқтаи назаридан баҳолашни талаб қилади. Оддий мисол. Скриншотда "Пулни олдим", деган хабар бор.

Хўш, шу билан жиноят исботландими? Йўқ. Қайси пул? Кимдан олинган? Нима мақсадда? Қарзми? Олди-сотдими? Хизмат ҳақими? Хабарни айнан ким ёзган? Ёзишманинг олдинги ва кейинги қисми қаерда? Энг муҳими, асл электрон манба билан солиштирилганми?

Чунки икки сўзни контекстдан узиб олиб, бутун жиноят воқеасининг исботига айлантириш далилни текшириш эмас, унга маъно юклаш бўлиб қолиши мумкин.

ЖПКнинг 204²-моддаси ҳам бежиз рақамли далил кўчирмасида унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланиши талабини қўймайди.

Ҳатто яна муҳим жиҳат бор. ЖПКнинг 204¹-моддаси шахс тақдим этган электрон маълумот қабул қилинаётганда мутахассис иштирокини ва маълумот мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмни кўздан кечиришни назарда тутади.

Демак, қонуннинг ўзи ҳам "Расмга қарадим, ишондим" деган ёндашув билан чекланмаяпти. Шунинг учун судда асосий савол шуки, "Скриншот борми?" эмас, У қаердан келди? Қандай олинди? Ўзгартирилмагани қандай тасдиқланди? Кимга тегишли экани қандай аниқланди? Ва у айнан нимани исботлаяпти?

Мана шу саволларга ишончли жавоб бўлмаса, чиройли скриншот бордир, лекин ишончли далил борлиги ҳали баҳсли. Чунки рақамли даврда сохта тасвир яратиш тобора осонлашмоқда. Шу сабабли суднинг талаби ҳам аксинча, янада қатъийроқ бўлиши керак.

Инсон тақдири экранда кўринган расмга эмас, қонун талабларига мувофиқ олинган, манбаси аниқланган, яхлитлиги сақланган ва ишончлилиги текширилган далилга таяниши керак.

Скриншот далил бўлиши мумкин. Лекин скриншотнинг ўзи ҳали ҳақиқат эмас.