Қашқадарё вилояти судининг бир ажрими қизиқ ҳолатни кўрсатади. Оддий фуқаро ёки тадбиркор шикоятни бир кун кечиктирса, кўп ҳолларда “муддат ўтган” деган асос билан аризаси қайтарилади. Аммо прокурор протести келса, ҳатто йиллар ўтган бўлса ҳам, муддат тикланиб кетяпти.

Энг қизиғи, ажримнинг ўзида нега муддат узрли деб топилгани тушунтирилмаган. Суд фақат қонун моддаларини санаб ўтган, холос. Аслида эса суд “қайси сабаб узрли бўлди?” деган саволга аниқ жавоб бериши керак.

Бундай амалиёт яна бир хавфли йўлни очиши мумкин. Агар шу тарзда давом этса, амалиётда “шикоят муддати ўтиб кетдими, прокурорга мурожаат қилиб протест келтиринг” деган тенденция кучайиши мумкин. Бу эса процессуал муддатларнинг ўзига бўлган маънони заифлаштиради.

Яна бир масала шуки, бундай қарорларни қабул қилган судьяларнинг исм-шарифлари ҳам очиқ айтилиши керак. Уларга жамоатчилик ҳам ўз баҳосини бериб бориши табиий.

Қонуннинг қиймати унинг ҳаммага бир хил қўлланилишида. Агар бир тараф учун муддат қаттиқ, бошқа тараф учун эса осонлик билан тикланса, одамларда табиий савол туғилади: қонун ҳақиқатан ҳам ҳаммага бир хил ишлаяптими?

Суд қарори ҳақида “кейин билиб қолдик” - процессуал муддатни четлаб ўтиш учун асос бўла оладими?

Қашқадарё вилоят судининг расмий изоҳида прокурор кассация протести суд қарори ҳақида 2025 йил 23 декабрда мурожаат келиб тушганидан кейин хабардор бўлгани билан асослантирилмоқда. Шу сабабли муддатни тиклаш масаласи кўрилгани айтилган.

Бироқ бу ерда муҳим ҳуқуқий савол туғилади: суд қарори ҳақида кеч хабардор бўлишнинг ўзи процессуал муддатни тиклаш учун етарли асос ҳисобланадими?

Иқтисодий процессуал кодексининг 285-моддаси аниқ қоидани белгилайди: кассация шикояти (ёки протести) олти ой ичида берилиши мумкин. Муддат ўтказиб юборилган тақдирда эса у фақат узрли сабаблар мавжуд бўлса тикланиши мумкин. Бу ерда асосий мезон шуки, узрли сабабнинг мавжудлиги ва унинг суд томонидан асослантирилиши.

Аммо “суд қарори ҳақида кейин билиб қолдик” деган ҳолат ўз-ўзидан узрли сабаб ҳисобланмайди. Чунки:

прокурор давлат органи сифатида суд қарорлари ва давлат манфаатларига дахлдор ишлардан хабардор бўлиш имкониятига эга;
суд қарорлари очиқ суд ҳужжатлари ҳисобланади ва уларни аниқлаш институционал жиҳатдан қийин эмас;
давлат органининг ички ахборот алмашинувидаги камчиликлари процессуал муддатларни чеклаб ўтиш учун автоматик асос бўла олмайди.

Агар шундай ёндашув қабул қилинса, амалиётда хавфли ҳолат пайдо бўлади: исталган вақтда “кейин хабардор бўлдик” деган асос билан йиллар ўтган ишлар ҳам қайта очилиши мумкин. Бу эса процессуал муддатларнинг асосий мақсади бўлган ҳуқуқий барқарорлик ва ишларнинг якунийлиги (finality) тамойилини издан чиқаради.

Яна бир муҳим жиҳат: процессуал қонун талабига кўра, суд муддатни тикласа, нега айнан шу ҳолат узрли деб топилганини мотивировкали тарзда кўрсатиши керак. Агар қарорда фақат қонун нормалари санаб ўтилса, аммо узрли сабабнинг мазмуни очиб берилмаса, бундай қарор процессуал асослантириш талабларига тўлиқ жавоб бермайди.

Шунинг учун бу масалада асосий савол очиқ қолади: давлат органининг суд қарори ҳақида кеч хабардор бўлгани - процессуал муддатни тиклаш учун ҳақиқатан ҳам етарли ҳуқуқий асосми?

Чунки процессуал муддатлар оддий формал қоида эмас. Улар ҳуқуқий барқарорлик, ишларнинг якунийлиги ва суд қарорларига бўлган ишончни таъминлаш учун жорий этилган институтдир. Агар бу қоида истиснолар орқали доимий равишда четлаб ўтила бошласа, у ҳолда процессуал тартибнинг ўзи маъносини йўқотиши мумкин.