Олий суднинг расмий маълумотига кўра, Олий суд раиси Робахон Махмудова жорий йилнинг июль–сентябрь ойлари давомида 587 нафар фуқарони қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини эшитган.

Фуқарони бевосита эшитиш яхши амалиёт. Чунки баъзан бир неча жилд жиноят иши ва бир неча босқич суд қарорларида кўринмай қолган ҳуқуқий муаммони инсоннинг бир саволи жуда аниқ очиб беради.

Биз ҳам қабулда бўлдик.

Ҳимоямиз остидаги банк ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан қўйилган айбловга нега принципиал равишда қўшилмаслигимизни баён қилдик. Гарчи мазкур жиноят иши Олий судда тафтиш тартибида кўрилган, бундан аввал ҳам Олий суд раиси қабулида бўлинган бўлса-да, суд қарорларига нисбатан сақланиб қолаётган ҳуқуқий эътирозларимизни яна бир бор тушунтирдик.

Аммо қабулда фақат битта жиноят иши ҳақида гаплашмадик. Шу иш мисолида амалиёт учун анча катта бўлган саволни ҳам кўтардик. Молиявий хато қаерда тугайди, растрата қаерда бошланади? Бу савол оддий кўринса-да, жавоби инсон тақдирини ҳал қилиши мумкин.

Тафтиш ўтказилди, камомад чиқди. Бухгалтерияда хато аниқланди. Пул нотўғри ҳисобланди. Бюджет маблағи белгиланган тартибдан четга чиқиб сарфланди. Назорат етарли бўлмади. Албатта, буларнинг ҳар бирига ҳуқуқий баҳо берилиши керак.

Аммо буларнинг барчасини бирлаштириб, "зарар бор экан, демак, растрата бор" деб бўлмайди. Чунки жиноят ҳуқуқида оқибат билан жиноят таркиби бир нарса эмас.

Олий суд Пленуми бу чегарани аллақачон белгилаган

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 11-сонли қарорида ўзлаштириш ва растратага ҳуқуқий баҳо бериш учун муҳим мезонлар белгиланган.

Қарорнинг 3-банди мазмунига кўра, шахсга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата деб баҳолаш учун уни қонунга хилоф равишда текинга ўзининг ёки бошқа шахснинг мулкига айлантириш мавжуд бўлиши керак.

Янада муҳими, қарорнинг 4-банди. Унда ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда текинга айбдорнинг мулкига айлантириш мақсади аниқланмаган ҳолатда, ҳатто камомад ёки бошқа ғайриқонуний ҳаракатларнинг ўзи талон-торож деб квалификация қилиш учун етарли эмаслиги тушунтирилган.

Мана шу ерда жуда муҳим ҳуқуқий чегара бор. Камомад оқибат. Растрата эса муайян субъектив ва объектив белгилари бўлган жиноят. Бирини иккинчиси билан автоматик алмаштириб бўлмайди. Энг оғир савол, қасд қаерга қаратилган?

Бизнингча, молиявий жиноят ишларида баъзан энг асосий савол айнан шу ерда йўқолиб қолади. Қанча зарар етгани ҳисобланади. Қанча пул нотўғри ўтказилгани аниқланади. Қайси бухгалтер қандай ҳужжат расмийлаштиргани текширилади.

Аммо кейинги, энг муҳим саволга ўтиш керак. Айбланаётган шахс нимани хоҳлаган? Унинг қасди нимани қамраб олган?

Пулни ўзига олишними? Бошқа шахсни мулкий бойитишними? Ўзганинг мулкини худди ўзиникидек тасарруф қилишними?

Ёки ишда молиявий интизом бузилиши, нотўғри бошқарув, ҳисоб-китоб хатоси ёхуд назоратдаги камчилик борми?

Бу саволларнинг жавоби квалификацияни бутунлай ўзгартириши мумкин.

Шунинг учун мотив, мақсад ва қасдни ҳам бир-бирига аралаштирмаслик керак. Мотиви шуки, инсонни ҳаракатга ундаган ички сабаб. Мақсади шуки, у эришишни кўзлаган натижа. Қасд эса шахснинг ўз қилмиши ва унинг оқибатига онгли-иродавий муносабатини ифодалайди. Улар бир хил тушунча эмас. Аммо ўзлаштириш ва растрата каби жиноятларда шахснинг нима учун ҳаракат қилгани, нимани кўзлагани ва қасди қайси натижага йўналгани текширилмасдан туриб, фақат зарар миқдоридан келиб чиқиб жиноят таркиби ҳақида ишончли хулоса қилиш қийин.

Хориж амалиётга эътибор қаратсак, масалан, РФ: "ғаразли мақсад” мажбурий белгидир. Россия Федерацияси Олий суди Пленумининг 2017 йил 30 ноябрдаги 48-сон қарорида масала янада батафсил очилган. Қарорнинг 25-банди ўзлаштириш ёки растрата мавжудлиги ҳақидаги масалани ҳал қилишда шахс қасди билан мулкни қонунга хилоф ва текинга ўзининг ёки бошқа шахс фойдасига айлантириш қамраб олинганини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланиши кераклигини назарда тутади.

Қарорнинг 26-банди эса принципиал аҳамиятга эга, яъни ғаразли мақсад талон-торожнинг мажбурий белгиси ҳисобланади.

Бу нимани англатади? Оддий қилиб айтганда, пул нотўғри сарфлангани билан уни талон-торож қилиш мақсадида сарфлангани бир нарса эмас. Суд айнан иккинчисини исботлаши керак.

Қозоғистонда ҳам худди шу чегара

Қозоғистон Республикаси Олий судининг 2003 йил 11 июлдаги 8-сон норматив қарори ҳам талон-торожни оддий мулкий зарардан ажратади. Унда талон-торожнинг мазмуни ғаразли мақсадда, қонунга хилоф ва текинга ўзганинг мулкини айбдор ёки бошқа шахслар фойдасига олиб қўйиш ёки айлантириш билан боғланган.

Демак, Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон суд амалиётида умумий ҳуқуқий чизиқ бор. Мулкий зарарнинг мавжудлиги билан талон-торож мақсадини бир нарса деб қараб бўлмайди.

Бу масала ҳуқуқшунос олимларни ҳам ўйлантирган

Масалан, ҳуқуқшунос М.В. Ковалев айнан "ғаразли мақсад"нинг мулкка қарши жиноятларни квалификация қилишдаги аҳамиятини махсус тадқиқ қилган. У ғаразли мақсадни талон-торожнинг оддий факультатив белгиси эмас, балки жиноят таркибини шакллантирувчи зарур белги сифатида таҳлил қилади. Муаллифнинг принципиал хулосаси шуки, ғаразли мақсадсиз талон-торож бўлиши мумкин эмас. Бу фикрнинг амалий аҳамияти катта. Чунки ғаразли мақсадни исботламасдан туриб, ҳар қандай мулкий зарарни талон-торож сифатида баҳолаш хавфи пайдо бўлади.

Ҳуқуқшунос К.А. Лебедева эса 2024 йилда айнан ўзлаштириш ва растратада ғаразли мақсаднинг мазмунига махсус тадқиқот бағишлаган. У суд амалиёти ва доктринани таҳлил қилиб, ғаразли мақсаднинг мазмунини тўғри аниқлаш квалификация учун принципиал аҳамият касб этишини кўрсатади. Муаллиф бу белгини ҳаддан ташқари кенг талқин қилиш хавфига ҳам эътибор қаратади.

Яна бир қизиқ тадқиқот ҳуқуқшунос Н.Д. Эриашвилининг 2026 йилги иши. У айнан ўзлаштириш ва растрата ишларида исботлаш муаммосини таҳлил қилиб, энг мураккаб масалалардан бири сифатида субъектив томон - тўғри қасдни исботлашни ажратиб кўрсатади.

Демак, муаммо назарий эмас. Унинг ортида жуда амалий савол турибди. Тўғри қасд нимадан исботланади? Шахснинг лавозимиданми? Зарар чиққаниданми? Тафтиш далолатномасиданми? Йўқ. Булар қасдни текшириш учун аҳамиятли бўлиши мумкин, лекин уларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан тўғри қасднинг ўрнини босмайди. Қасд ишнинг барча ҳолатлари йиғиндисидан аниқланиши керак.

“Пулни ўзи олмаган” деганнинг ўзи ҳам етарли эмас

Бу ерда масаланинг иккинчи томонини ҳам унутмаслик керак. "Шахс пулни ўзи олмаган, демак, растрата йўқ" деган формула ҳам мутлақ эмас. Чунки талон-торож мулкни фақат айбдорнинг ўзига эмас, бошқа шахс фойдасига қонунга хилоф ва текинга айлантириш орқали ҳам содир этилиши мумкин. Шунинг учун тўғри савол. "Айбдор пулни олдими?" билангина чекланмайди. Тўғри савол шуки, "Унинг қасди ушбу мулкни ўзининг ёки бошқа шахснинг мулкий манфаатига қонунга хилоф равишда айлантиришга қаратилганми?" Мана шу ҳолат исботланиши керак. Бу жуда муҳим фарқ.

Молиявий хато, совуққонлик ва растрата - уч хил ҳуқуқий ҳолат

Бизнингча, суд амалиётида энг аниқ чегара айнан шу ерда керак.

Биринчи ҳолат, молиявий ёки бухгалтерия хатоси.

Иккинчиси, мансабдор шахснинг ўз вазифасига лоқайд ёки виждонсизларча муносабати натижасида тегишли оқибат келиб чиқиши.

Учинчиси, ўзганинг мулкини талон-торож қилишга қаратилган тўғри қасд ва ғаразли мақсад.

Бу учаласи ташқи кўринишидан бир-бирига ўхшаш молиявий оқибат келтириб чиқариши мумкин. Аммо уларнинг жиноят-ҳуқуқий табиати бир хил эмас.

Шунинг учун молиявий хато тўғри қасд эмас, назоратдаги камчилик ғаразли мақсад эмас, камомад растрата эмас,

зарарнинг мавжудлиги эса жиноят таркибининг субъектив томони исботланганини англатмайди.

Олий суд раиси қабулидаги таклифимиз

Мана шу сабабли Олий суд раиси қабулида фақат ҳимоямиз остидаги шахснинг иши ҳақида гапирмадик. Молиявий ва иқтисодий жиноятларга оид суд амалиётини яна бир бор умумлаштириш ҳамда Олий суд Пленуми имкониятларидан фойдаланиб, амалиёт учун жуда муҳим бўлган чегараларни янада аниқлаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишни таклиф қилдик.

Хусусан, молиявий хато билан жиноят ўртасидаги чегара қаерда, мансабга совуққонлик билан растрата қандай ажратилади, тўғри қасд қандай фактик ҳолатлар орқали исботланиши лозим, ғаразли мақсад нимада намоён бўлади, мотивга квалификация жараёнида қандай баҳо берилиши керак, камомад ва молиявий зарарнинг ўзи қай ҳолатда талон-торожни исботламаслиги, бошқа шахс манфаатига мулк ўтказилганда айнан талон-торож мақсади нималар билан тасдиқланиши каби масалаларда судларга янада аниқ тушунтиришлар бериш амалиёт учун фойдали бўлар эди.

Бу таклифни жавобгарликни юмшатиш деб тушуниш нотўғри. Аксинча, бу жавобгарликни аниқлаштириш ҳақида. Растрата қилган растрата учун жавоб бериши керак. Мансабига совуққонлик қилган шу қилмиши учун. Молиявий интизомни бузган эса айнан шу ҳуқуқбузарлиги учун. Ҳар ким ўзи содир этган қилмиш учун. Жиноят ҳуқуқининг адолати ҳам шунда.

Шунинг учун молиявий жиноят ишларида бир қарашда оддий, аммо ҳал қилувчи саволни беришдан қўрқмаслик керак. "Зарар бор. Аммо растрата қаерда?