Аввало, Тошкент шаҳар судининг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган танқидий хабар ва мақолаларга тезкор муносабат билдириб келаётганини эътироф этиш керак.

Бу яхши амалиёт. Чунки очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик билан мулоқот судга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.

Бизнинг ҳам мақсадимиз судни танқид қилишнинг ўзи эмас. Мақсад шуки, инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва одил судлов амалиёти янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшиш.

Энди асосий масалага ўтсак.

Аввалги мақоламизда бир аёлни қамоққа юборишга асос бўлган суд ажрими бекор қилингани, аммо унинг озодлиги масаласи ҳал этилмай қолгани ҳақида ёзгандик.

Суднинг расмий баёнотида ҳам ўз позицияси билдирилган эди. Биз эса бир саволни ўртага қўйгандик: Қамоққа юборган ажрим бекор қилинган бўлса, инсонни қамоқда сақлашга қандай ҳуқуқий асос қолади? Ниҳоят, бу масала амалий ечимини топди.

2026 йил 12 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси Саидов Жаҳонгир Жамолович ишни янгидан кўриб, ажрим эълон қилди. Унга кўра, М.И.ни жазони ижро этиш муассасасидан дарҳол озод қилиш белгиланди.

Шунингдек, пробация бўлимининг жазони алмаштириш ҳақидаги тақдимномаси рад этилди. Пробация мансабдор шахслари фаолиятидаги камчиликлар юзасидан хусусий ажрим чиқарилиши ҳам маълум қилинди.

Мана энди масаланинг ҳуқуқий ечими кўринди!

Суд фақат пробация тақдимномасини рад этиш билан чекланмай, инсоннинг озодлиги масаласини ҳам аниқ ҳал қилди.

Тошкент шаҳар судининг жамоатчилик билан очиқ мулоқотини қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, танқиддан мақсад кимнидир ноҳақ кўрсатиш эмас, муаммога ечим топишдир. Энг муҳими, суд қарорлари фақат қоғозда эмас, инсон ҳаётида ҳам ўз натижасини берсин. Адолатнинг қадри ҳам шунда!