Одамни қамоққа юбориш осон бўлмаслиги керак. Чунки гап оддий қоғоз ҳақида эмас, инсоннинг озодлиги ҳақида кетяпти!
Фарғона вилояти судининг бир ажримини ўқиб, судьялар ишнинг ичига кириб, ҳар бир ҳолатни текширса, адолат қандай қарор топишини яна бир бор кўрдик.
Гап маҳкум А.Х ҳақида. Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди раиси Мирзакиров Шухрат Миршохидович 2026 йил 31 июлда унинг ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан ўталмай қолган 2 йил 2 ой 21 кунини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирган. Сабаби шуки, пробация органи маҳкум жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган деб ҳисоблаган.
Бир қарашда, бунга асос ҳам бордек. Чунки маҳкум айрим иш жойларида маош камлигини, оиласини боқишга етмаслигини айтиб, ишлашни рад этган. Лекин ишлашни рад этиш билан жазодан қасддан бўйин товлаш бир хил ҳуқуқий хулоса эмас-ку!
Фарғона вилояти суди кассация инстанцияси ишни қайта текширганда бир қатор муҳим ҳолатларга эътибор қаратган.
Биринчидан, Жиноят-ижроия кодексининг 26–28-моддаларида назарда тутилган жазони ижро этиш, маҳкумнинг меҳнат фаолиятини назорат қилиш ва тегишли текширувларни ўтказишга оид талаблар тўлиқ бажарилмаган.
Иккинчидан, энг қизиғи, расмий маълумотларга кўра, маҳкумга иш ҳақи ҳисобланган. Ҳатто 2026 йил 25 июнда унинг иш ҳақидан 400 минг сўм жазо ижроси учун ушлаб қолиниб, тегишли ҳисобвараққа ўтказилган. Бу ҳолат банк тўлов ҳужжати билан ҳам тасдиқланган.
Қаранг, бир томонда "жазодан қасддан бўйин товлади" деган тақдимнома, иккинчи томонда эса жазони ижро этиш учун иш ҳақидан пул ушлаб қолинганини кўрсатувчи ҳужжат.
Ахир, инсонни қамоққа юборишдан олдин шу зиддиятга аниқлик киритиш керак эмасмиди?!
Кассация суди айнан шу масалаларни текшириб, маҳкумнинг жазодан қасддан бўйин товлагани ҳақидаги хулоса етарлича асосланмаган деб топган.
2026 йил 25 августда Фарғона вилояти суди судьялари Б.Эргашев, Ф.Сиддиқова ва Х.Сотволдиев иштирокидаги судлов ҳайъати (маърузачи - Сотволдиев Хаётбек Турғунович) қуйи суд ажримини бекор қилган.
Энг муҳими, судьялар шунчаки "бекор қилинсин" деб тўхтаб қолмаган.
Ажримнинг хулоса қисмида жазони алмаштириш бўйича иш юритиш тугатилган, аввал тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ давом эттирилиши белгиланган, қамоқда ўтказилган муддат қонунга мувофиқ ҳисобга олинган, А.Х дарҳол қамоқдан озод қилинсин, деб аниқ кўрсатилган.
Мана буни ҳар томонлама ўйланган, асослантирилган ва ижроси ҳам эътиборга олинган суд ажрими деса бўлади.
Масъулиятни олиш ҳам керак-да!
Албатта, маҳкумнинг ишлашни рад этгани аҳамиятсиз эмас. Жазони ўташ тартибига риоя қилиш унинг мажбурияти. Бироқ бу мажбурият бузилган деган ҳар қандай даъво қонун талабларига мувофиқ текширилиши, оғирроқ жазога ўтиш учун зарур асослар ишончли далиллар билан тасдиқланиши керак.
Жиноят ишида тахмин эмас, далил ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши лозим.
Фарғона вилояти суди ушбу ишда пробация органининг тақдимномасини шунчаки қабул қилмаган, қуйи суд хулосасини ҳам текширмасдан тасдиқламаган. Аксинча, расмий маълумотларни, меҳнат муносабатларини, тўлов ҳужжатларини ва пробация органининг мажбуриятларини биргаликда баҳолаган.
Алоҳида эътирофга лойиқ жиҳати шуки, судьялар ажримни бекор қилиш билан чекланмай, унинг маҳкум озодлигига доир ҳуқуқий оқибатларини ҳам ҳал қилган.
Шунинг учун бу ажримни суд амалиёти учун ибратли мисол деб ҳисоблаймиз.
Фарғона вилояти суди судьялари Б.Эргашев, Ф.Сиддиқова ва Х.Сотволдиевга офарин!
Адолат шундаки, фақат хато қарорни бекор қилиш эмас, инсон тақдирига дахлдор ҳар бир масалани қонун асосида ҳал қилишдир.




