Тошкент шаҳри суд амалиётида ғалати бир ҳолатга дуч келяпмиз.

Инсонга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш жазоси суд қарори билан озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилади.

Одам қамоққа олинади.

Кейин юқори инстанция суди ишни текшириб, жазони алмаштириш ҳақидаги ажрим етарлича асослантирилмаганини аниқлайди ва уни бекор қилади.

Аммо инсоннинг қамоқдан озод қилиниши масаласи очиқ қолади!

Қизиқ, одамни қамоққа киритишга асос бўлган ажрим бекор қилинса, уни қамоқда сақлашга нима асос қолади?

Келинг, бир мисолни кўрайлик.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2026 йил 11 августдаги ажрими (судья Бердиев Бахром Бахтиёрович) билан М.И.нинг озодликни чеклаш жазосидан қолган 1 йил 1 ой 19 куни озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.

Нега?

Пробация ходимлари аёлни уйидан топмаган, бу ҳақда далолатномалар тузган.

Шу асосда аёл 26 август куни ушланиб, ҳибсхонага жойлаштирилган.

Аммо ҳимоячи бу қарорга рози бўлмаган.

2026 йил 6 октябрда Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси ишни кўриб чиққан. Иш бўйича маърузачи - судья Мухаммадиев Отабек Исламович.

Қарангки, иш ўрганилганда пробация тузган ҳужжатларда жиддий камчиликлар борлиги маълум бўлган.

Холисларнинг маълумотлари тўлиқ эмас. Бирининг тушунтиришида имзо йўқ. Айрим имзоларнинг мос келмаслиги ҳақидаги важлар текширилмаган. Ҳатто холислардан бири аввалги ҳужжатларни тасдиқламаслигини билдирган.

Суд қарорида чеклов тури сифатида ишлаш ёки ўқиш вақтидан, иш ёки ўқиш жойига бориб келиш вақтидан ташқари вақтда қўлланилиши кўрсатилганлиги ҳуқуқий баҳо берилиши лозим эди.

Кассация суди туман судининг ажримини бекор қилиб, ишни бошқа суд таркибида қайта кўришга юборган.

Албатта, бу тўғри ва эътиборга лойиқ ёндашув. Лекин масаланинг энг оғриқли жойи бошқа.

Аёлни қамоққа юборган ажрим бекор қилинган. Аммо кассация суди уни қамоқдан озод қилиш ёки қамоқда сақлаш масаласига аниқлик киритмаган.

Конституциянинг 27-моддаси ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда қамоқда сақланиши мумкин эмаслигини кафолатлайди.

ЖПКнинг 509¹²-моддаси кассация судига қуйи суд ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юбориш ҳуқуқини беради.

Аммо ишни қайта кўришга юбориш — инсонни қамоқда сақлашга янги рухсат бериш дегани эмас.

Албатта, аёлнинг ҳозир ҳам қамоқда сақланаётгани ва бунга бошқа қонуний асос мавжуд ёки мавжуд эмаслиги алоҳида аниқлаштирилиши керак.

Лекин асосий саволимиз ўзгармайди. Агар инсонни қамоққа юборган суд ажрими бекор қилинган бўлса, уни қамоқда сақлашга қайси амалдаги суд қарори асос бўлади?

Назаримизда, юқори инстанция суди бундай вазиятда фақат ажримнинг тақдирини эмас, балки шу ажрим асосида озодлигидан маҳрум этилган инсоннинг кейинги ҳуқуқий ҳолатини ҳам аниқ ҳал этиши керак.