Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ҳимоямиз остидаги Фотима Тошбуловага нисбатан чиқарилган барча суд қарорлари бекор қилиниб, оқлов ҳукми эълон қилинди.

Бу оддий қарор эмас, адолатнинг кечикиб бўлса-да, ўз сўзини айтган куни.

Дастлабки тергов органи Ф.Тошбуловага нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 172-моддалари билан айблов илгари суриб, ишни судга оширган эди.

Биринчи инстанция Оқолтин туман суди 2023 йил 18 декабрь куни 167-модда бўйича уни қисман оқлаган бўлса-да, 172-модда (мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабат) бўйича айбловни қолдирган. ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга банк тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 1 йил муддатга 20% давлат даромади ҳисобига ундириш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Апелляция ва тафтиш инстанциялари ҳам айнан шу нуқтада хатони давом эттиришди. Лекин ҳимоя бу қарорларга мутлақо қўшилмади. Протест талаб қилинди. Шикоят берилди. Ҳар бир нуқта, ҳар бир далил қайтадан кўтарилди.

Ва ниҳоят Олий суд сўнгги сўзни айтди.

Прокурор протести ва адвокат шикояти тўлиқ қаноатлантирилди. Барча суд қарорлари бекор қилинди. Фотима Тошбулова тўлиқ оқланди. Бу шунчаки ҳуқуқий натижа эмас, инсон тақдири тикланган лаҳза.

Ишнинг моҳиятига келсак, банкка тегишли икки банкоматдан 189,6 млн сўм маблағ талон-торож қилинган. Терговда пулни ким олгани ва қаерга сарфлангани аниқланган, маблағлар банкка қайтарилган. Аммо шу ҳолатда банк кассири Ф.Тошбуловага нисбатан ҳам айблов илгари сурилган.

Асосий муаммо шунда эдики:

— унинг жиноятга алоқадорлиги етарли даражада исботланмаган;

— банкоматлар техник жиҳатдан ўрганилмаган;

— калитлар тизими, масъулият тақсимоти ва операция тартиблари таҳлил қилинмаган;

— иш манфаатдор шахсларнинг ишончсиз кўрсатувларига таяниб қурилган.

Ҳимоя эса ҳар бир детални очиб берди. Ҳар бир “айблов нуқтаси”ни парчалаб берди. Яна бир муҳим жиҳат шуки, бу иш фақат бир инсон тақдири эмас эди. Ҳимоя жараёнида банк тизимидаги ташкилий камчиликлар ҳам очиқланди. Бу эса сигнал бўлиб хизмат қилди ва соҳада тегишли нормативлар қайта кўриб чиқилишига туртки бўлди. Олий судда сўроқ қилинган гувоҳлар ҳам айнан шу ҳолатларни тасдиқлаб берди.

Оқлов ҳукми ўқилган пайт… Зал сукутга чўмди. Фотима Тошбулованинг онаси кўз ёшларини тия олмади. Аммо бу алам эмасди. Бу адолат қайтган лаҳзанинг, орият тикланган оннинг севинч кўз ёшлари эди. Бу иш бизга яна бир ҳақиқатни эслатди. “Адолат кечикиши мумкин, лекин у йўқолмайди. Агар унга етиш учун кураш тўхтамаса.”

Олий суд бугун фақат қарор чиқармади. У олийлигини кўрсатди.