Одил судлов: Бундай амалиёт эътирофга лойиқ
Гап Мирзо Улуғбек туман прокуратурасида йўлга қўйилган яхши бир амалиёт ҳақида. Туман прокурорига ҳавола қилинаётган ҳар бир жиноят иши судда давлат айбловини қувватлаётган туман прокурори ёрдамчиси, аввал бир неча йил терговчи бўлиб ишлаган, айни шу йўналишнинг "қассоби" томонидан ўрганиб чиқилади.
Суд залига ишнинг ичига яхшигина кириб ҳамда тафсилотларни аввалдан таҳлил қилиб олган ҳолда кириб келганлиги давлат айбловини қувватлашдаги фаоллигидан шундоққина билиниб туради. Муҳими, тортишувлик принципини амалда ишлаши таъминланади.
Кечиринг-ку, амалиётимиздан ўтаётган ишларнинг кўпи бу принципнинг ишламаслиги, ишлата олмаслигимиз билан ўтиб кетиб қолади. Сабаб эса, ҳимоя томон билан амалда музокара қилувчи, айбловни қувватловчининг фаол бўла олмаслиги ёки, ҳатто музокарага киришиш палласида зални тарк этиб қолишидир.
Иш ҳужжатлари билан батафсил танишмаган давлат айбловчиси ҳимоянинг кутилмаганда билдирган илтимосномаси юзасидан судга асосли фикр бера олмай, фақатгина "Судга ҳавола қиламан", ёки "Рад этишингизни сўрайман" дейиш билангина чекланиши табиий-да.
Биз Мирзо Улуғбек туманидаги ёндашув мисолида бошқа айримларни ҳам суд майдонларидаги фаол маданий тортишувларга чақириб қоламиз.



