Қарши давлат университетида тинчгина дарс бериб юрган ўқитувчи бир кун келиб Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари билан айбланди. Аммо иш Қашқадарё вилояти судида кўриб чиқилганда, бу айблов асоссиз экани аниқланиб, ўқитувчи оқланди.
Судда иш материаллари синчиклаб кўриб чиқилганда, қизиқ бир ҳолат юзага чиқди. Айблов “навбатчи жабрланувчи” ва турли тезкор тадбирларда қайта-қайта иштирок этган “навбатчи холислар” иштирокида расмийлаштирилган ҳужжатларга асосланган экан.



Яна бир жиҳат эътиборни тортди: ариза берган шахс ўқитувчини ўзи қидириб топган ва унга қайта-қайта мурожаат қилиб, ёрдам беришни сўраган. Яъни воқеа тасодифан эмас, айнан шу инсоннинг ташаббуси билан бошланган.
Шу билан бирга, тергов жараёнида бир хил одамлар бир неча марта холис сифатида қатнашгани маълум бўлган. Бу эса табиий равишда савол туғдиради: холис дегани ҳақиқатан ҳам холис бўлиши керак эмасми?
Суд барча ҳолатларни баҳолаб, қонун талабларига зид равишда тўпланган материаллар асосида инсонни айбдор деб топиб бўлмаслигини айтди. Натижада ўқитувчи оқланди.
Бу иш оддий, лекин жуда муҳим бир ҳақиқатни эслатади: тинчгина меҳнат қилиб юрган инсонни турли “сценарий”лар билан жиноятга тортиш адолат эмас. Адолат айбсиз инсон оқланганда, ҳақиқат эса барибир юзага чиққанда намоён бўлади.




