Мустақиллик байрами арафасида Наманганда яна бир адвокатга нисбатан таҳдидга ўхшаш ҳолат юз бергани айтилмоқда.
Адвокат Фарҳод Абдурахмоновнинг маълум қилишича, 26 август куни номаълум шахслар унинг офиси эшигини бузиб, ичкарига ноқонуний кирган. Электр тармоғига шикаст етказиб, хоналарни остин-устун қилиб чиқиб кетишган. Қизиғи, офисдан ҳеч нарса ўғирланмаган.
Ҳозир терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Аммо ҳануз бирор аниқ натижа йўқ.
Адвокат буни ўзига берилган навбатдаги "сигнал" - Наманганда ишлашига имкон бермаслик ва бошқа ҳудудга кетишга мажбурлашга қаратилган ҳаракат, деб баҳоламоқда.
Маълумот учун: Фарҳод Абдурахмонов Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анваржон Отахўжаевга нисбатан юритилаётган жиноят ишида дастлабки тергов бошланган кундан буён ҳимоячи сифатида иштирок этаётган фаол адвокатлардан бири.
Аввалроқ унинг адвокатлик лицензиясини тўхтатишга қаратилган ҳаракатлар бўлаётгани ҳақида ёзган эдик.
Яна ўша гап...
Президент 2025 йил 5 март куни адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича қонун лойиҳасини уч ой ичида киритиш вазифасини қўйган эди.
Бу вазифа ПФ–71-сонли Фармонда ҳам мустаҳкамланиб, лойиҳани 2025 йил июнига қадар тайёрлаш белгиланганди. Ўша муддатдан бери бир йилдан ошди. Муҳокамалар бўлди, таклифлар айтилди. Аммо адвокатга тўсқинлик қилишни амалда тўхтатадиган таъсирчан механизм ҳам, топшириқ ижроси ҳақидаги аниқ жамоатчилик ахбороти ҳам ҳануз кўринмайди.
Адвокатнинг офисига эшикни бузиб киришиб, ҳеч нарса ўғирламай чиқиб кетишган бўлса, демак, мақсад мол-мулк эмаслиги ҳақида жиддий савол туғилади.
Бу саволга сукут эмас, тезкор ва қонуний жавоб керак. Чунки адвокатга берилган "сигнал" аслида ҳуқуқий ҳимояга берилган таҳдиддир.




