Судьялар олий кенгашининг расмий муносабатини диққат билан ўқиб чиқдик. Аввало, муносабат билдирилганини ижобий қабул қиламиз. Чунки давлат органининг жамоатчилик фикрига жавоб қайтариши, албатта, яхши анъана. Лекин бизнингча, бу ерда ёндашув бироз бошқа томонга бурилиб кетибди.

Бизнинг мақоламизда битта ҳам жойда: "Кенгаш қонунни бузди", деган гап йўқ. Битта ҳам жойда: "Ёпиқ овоз беришни бекор қилинглар", деган талаб йўқ. Битта ҳам жойда: "Маслаҳатлашув сирини ошкор қилинглар", деган фикр ҳам йўқ. Шундай экан, нега расмий муносабат айнан шу масалаларни тушунтиришга қаратилди? Ахир бизнинг саволимиз бошқа эди.

Биз шунчаки шундай дегандик:"Жамоатчиликка йиғилиш эмас, қарор қизиқ." Бу фикрга эса жавоб берилмади.

Бир мисол.

Тасаввур қилинг, суд ҳукм чиқарди. Журналист сўради:

- Нега айнан шундай ҳукм чиқарилди?

Суд жавоб берди:

- Ҳукм чиқариш ваколатимиз қонунда белгиланган.

Бу жавоб нотўғрими?

Йўқ.

Лекин саволга жавобми?

Яна ҳам йўқ. Чунки савол ваколат ҳақида эмасди. Савол қарорнинг асоси ҳақида эди. Бизнинг саволимиз ҳам худди шу. Судьяликка номзодларни баҳолашда қайси фазилатлар ҳал қилувчи бўлди? Қайси касбий кўрсаткичлар устун келди? Нега айнан шу номзод муносиб деб топилди?

Бу саволлар овоз бериш сирини бузмайди. Бу саволлар маслаҳатлашув сирини ошкор қилишни талаб қилмайди. Бу саволлар Кенгаш аъзосининг кимга овоз берганини билиш учун ҳам берилмаяпти.

Бу саволлар битта мақсад учун бериляпти. Эртага жамоатчилик судьяга қараб: "Бу инсон ҳақиқатан ҳам муносиб экан", деб ишониши учун.

Расмий муносабатда бизнинг фикримиз "ғаразли" деб баҳоланибди. Бизнингча, ҳуқуқий баҳсда бу энг заиф жойдир. Чунки давлат органи шахснинг ниятига эмас, унинг далилига жавоб бериши керак. Агар фикримиз нотўғри бўлса, қонун билан рад этинг. Агар талқинимиз хато бўлса, ҳуқуқий асосини кўрсатинг.

Биз ҳали ҳам ўша фикрдамиз. Қонун талабини бажариш ҳар бир давлат органининг бурчи. Бу муҳокама қилинмайди. Лекин ишонч қонун бажарилгани учун эмас, қарорнинг мантиғи тушунтирилгани учун пайдо бўлади.

Судьялик оддий давлат лавозими эмас. Судьянинг битта қарори инсоннинг озодлигига, мулкига, шаънига, баъзан эса бутун умрига таъсир қилади. Шундай экан, судьяни танлаш жараёнига нисбатан ишонч ҳам энг юқори даражада бўлиши керак.

Бизнинг танқидимиз Кенгашга қарши эмас. Аксинча, Кенгашнинг жамиятдаги нуфузини янада мустаҳкамлаш ҳақида. Чунки бугун инсонлар давлат органларидан фақат битта нарсани кутаяпти. "Биз қарор қабул қилдик", деган хабарни эмас. "Нега айнан шундай қарор қабул қилдик", деган тушунтиришни.

Бизнинг назаримизда, ҳақиқий очиқлик айнан шу ердан бошланади. Қолгани эса ҳали ҳам биз бермаган саволларга берилган жавоб бўлиб қолаверади.