Сўнгги йилларда Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигига оид янги чеклов ва жарималарнинг қисқа муддатларда қабул қилиниши тенденцияси кузатилмоқда. Бироқ, ҳайдовчиларнинг ҳуқуқий манфаатларига хизмат қилувчи “–10 км/соат” (рухсат этилган тезлик хатолиги — speed tolerance) нормаси ҳанузгача фақат муҳокамалар марказида қолмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига киритилганига роппа-роса бир йил тўлган бўлса-да, унинг амалиётга жорий этилиши номаълум сабабларга кўра кечиртирилмоқда.
Натижада, белгиланган тезликдан ҳатто 1-2 км/соатга ошиш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат жазонинг адолатлилик ва мутаносиблик принципларига қанчалик мос келиши ҳақида ҳақли саволларни келтириб чиқаради.
Юридик ва техник нуқтаи назардан, радарлардаги метрологик ноаниқлик, спидометр кўрсаткичларидаги фарқ ва реал йўл шароитлари сабабли тезликнинг минимал даражада ошишига рухсат бериш халқаро амалиётда кенг қўлланилади. Турли ҳуқуқий тизимларга эга давлатлар тажрибаси қуйидагича, масалан:
Қозоғистон ва Қирғизистон: Мазкур қўшни республикалар маъмурий қонунчилигига кўра, белгиланган тезликдан 10 км/соатгача ошириш ҳуқуқбузарлик саналмайди ва жаримага тортилмайди.
Грузия: Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодекси янада либерал ёндашувни ўрнатган бўлиб, тезликни 15 км/соатгача оширганлик учун жарима кўзда тутилмаган.
Япония: Қонунчиликда қатъий рақам кўрсатилмаса-да, амалиётда (муҳандислик стандартлари ва полициянинг дискрецион ваколатига асосан) тезлик 10 км/соатгача ошганда маъмурий жазо қўлланилмаслиги умумқабул қилинган қоида ҳисобланади.
Халқаро стандартларга мувофиқ, автомобил ишлаб чиқарувчилар спидометр кўрсаткичларини доимо реал тезликдан бироз юқори қилиб созлайди. Бунга қўшимча равишда, фото ва видео қайд этиш қурилмаларининг ҳам маълум фоиздаги метрологик хатолиги мавжуд.
Демак, "–10 км/соат" қоидаси ҳайдовчиларга бериладиган шунчаки "имтиёз" эмас, балки объектив техник номутаносибликларни ҳуқуқий жиҳатдан мувофиқлаштирувчи заруратдир.




