"Шолғом раҳбар" бўлиш - ўз-ўзидан жиноятчи бўлиш дегани эмас!
Кейинги пайтларда бизга бир мазмундаги саволлар кўп берилмоқда. Фирма бир одамнинг номига расмийлаштирилган, у таъсисчи ва директор сифатида кўрсатилган. Аммо амалда фирмани бошқалар бошқарган, пул айланмаларини ҳам ўшалар амалга оширган. Кейин эса фирма фаолиятида солиқдан бўйин товлаш, пул маблағларини ноқонуний нақдлаштириш ("обнал") ва бошқа қонунбузарликлар аниқланган.
Хўш, бундай вазиятда ким жавоб бериши керак?
Аввало, халқ тилида "шолғом раҳбар" ким эканини тушуниб олайлик. Одатда, фирманинг фақат қоғозда раҳбари бўлган, амалда эса уни бошқармайдиган, қарор қабул қилмайдиган, пул маблағлари ҳаракатини назорат қилмайдиган, номидан бошқалар фойдаланадиган одамларни шундай аташади. Соддароқ айтганда, фирма унинг номида, директорлик лавозими унда, лекин бошқарув ҳам, пул ҳам, қарор ҳам бошқаларнинг қўлида.
Айримлар арзимаган ҳақ эвазига ўз номига фирма очиб беришга рози бўлади. Баъзилари фирма қандай мақсадларда ишлатилишини билади, бошқалари эса бу жараёнлардан мутлақо бехабар бўлиши мумкин.
Мана шу икки ҳолат ўртасида жиноят ҳуқуқи нуқтаи назаридан жуда катта фарқ бор.
Бизнинг ҳуқуқий позициямиз аниқ, яъни жиноий жавобгарлик лавозимга эмас, шахснинг исботланган айбли қилмишига асосланади.
Жиноят кодексининг 9-моддасида айб учун жавобгарлик принципи белгиланган. Яъни шахс фақат қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учун жавобгар бўлади.
Бу ерда жиноят таркибининг субъектив томони, яъни шахснинг ўз қилмишига ва унинг оқибатларига руҳий муносабати ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Оддий қилиб айтганда, у нимани билган, нимани англаган, қандай мақсадни кўзлаган ва жиноятга қандай муносабатда бўлган?
Агар тергов жараёнида номига фирма расмийлаштирилган шахс уни амалда бошқараётганлар билан жиноят содир этиш хусусида тил бириктиргани ёки жиноий мақсаддан хабардор ҳолда уларга қасддан кўмаклашгани ишончли далиллар билан исботланса, унинг ҳаракатларига жиноят иштирокчиси сифатида ҳуқуқий баҳо бериш мумкин. Бунда шахснинг айнан қайси жиноятда, қандай ҳаракатлари билан иштирок этгани ва қасди нималарни қамраб олгани алоҳида аниқланиши шарт. Аммо фирма унинг номига очилганининг ўзи жиноятда иштирок этганини исботламайди.
Яна бир муҳим масала. Бу электрон рақамли имзо (ЭРИ). Кўпинча фирманинг расмий раҳбари номига ЭРИ калити сертификати расмийлаштирилади, аммо ЭРИнинг ёпиқ калитидан фирмани амалда бошқарадиган бошқа шахслар фойдаланади. Бу ҳолатнинг ўзи раҳбарни жиноятчига айлантирадими? Йўқ, албатта.
ЭРИ кимнинг номига расмийлаштирилгани - бир масала. Ундан амалда ким фойдалангани - иккинчи масала. ЭРИ орқали амалга оширилган жиноий операциялардан унинг эгаси хабардор бўлгани ва уларга қасддан кўмаклашгани эса - алоҳида исботланиши шарт бўлган масала. Албатта, "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Қонуннинг 27-моддасида ЭРИ ёпиқ калитининг хавфсизлигини таъминлашга оид мажбуриятлар белгиланган. 30-моддада эса ушбу соҳадаги қонунчиликни бузганлик учун белгиланган тартибда жавобгарлик назарда тутилган. Бироқ ЭРИдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик билан шу ЭРИ орқали бошқалар содир этган жиноятда иштирокчилик учун жавобгарликни аралаштирмаслик керак.
ЭРИга оид мажбуриятнинг бузилгани фирма орқали содир этилган солиқ ёки бошқа иқтисодий жиноятда қасддан иштирок этилганини автоматик равишда англатмайди.
Жиноят-процессуал кодексининг 82-моддасига мувофиқ, жиноят муайян шахс томонидан содир этилгани, унинг айб шакли, қилмишининг сабаблари ва мақсадлари исботланиши шарт.
Демак, терговчининг вазифаси фирма ҳужжатларида кимнинг исми ёзилганини такрорлаш эмас, балки жиноятни амалда ким содир этганини, ким унга қандай иштирок этганини ва ҳар бир шахснинг айбини аниқлашдир.
Энг хавотирлиси нима?
Фирмани амалда бошқарган, пулларни айлантирган, ноқонуний операциялардан манфаатдор бўлган шахслар четда қолиб, фақат қоғозда раҳбар бўлган одам жиноий жавобгарликка тортилиши. Бу ҳақиқий айбдорларни аниқлаш эмас, жавобгарликни бошқа шахс зиммасига юклаш хавфини келтириб чиқаради. Шу боис тергов фирмани амалда ким бошқаргани, банк ҳисобварақларидан ким фойдалангани, электрон ҳужжатларни ким имзолагани, пул маблағларини ким тасарруф этгани, операциялардан ким манфаатдор бўлгани ва расмий раҳбар булардан қай даражада хабардор бўлганини пухта текшириши зарур.
Демак, қуйидаги ҳуқуқий хулоса келиб чиқади:
Биринчидан, шахснинг фирма таъсисчиси ёки директори сифатида расмийлаштирилгани, унинг номига ЭРИ олингани ва фирма фаолиятида қонунбузарликлар аниқлангани ўз-ўзидан уни жиноят иштирокчиси деб топиш учун етарли эмас.
Иккинчидан, Жиноят кодексининг 27–30-моддалари нуқтаи назаридан, муайян жиноятда иштирокчилик учун шахснинг қасддан биргалашиб қатнашгани, унинг аниқ ҳаракатлари ва қасдининг доираси исботланиши зарур. Олдиндан тил бириктириш эса иштирокчиликнинг ҳар қандай шакли учун мажбурий шарт эмас.
Учинчидан, ЭРИнинг ёпиқ калитини бошқаларга бериш ёки уни муҳофаза қилиш талабларини бузиш билан ушбу калит орқали содир этилган жиноятда иштирок этиш - ҳуқуқий жиҳатдан бир-биридан фарқ қиладиган ҳолатлардир. Ҳар бири мустақил ҳуқуқий асослар билан баҳоланиши керак.
Тўртинчидан, расмий раҳбарнинг муайян қасддан содир этилган жиноятда иштироки исботланмаган бўлса, уни фақат лавозимига асосланиб шу жиноят учун жавобгар қилиш мумкин эмас. Бошқа мустақил жиноят таркиби, жумладан, қонунда назарда тутилган эҳтиётсизлик билан содир этиладиган қилмиш мавжудлиги эса алоҳида текширилади.
Бешинчидан, айбдорлик ҳақидаги бартараф этиб бўлмайдиган шубҳалар айбланувчи фойдасига ҳал қилиниши шарт. Бу айбсизлик презумпциясининг асосий талабларидан биридир.
Бу ерда муҳим қоида шуки, фирма кимнинг номида экани - расмий-ҳуқуқий факт. Фирма орқали содир этилган жиноятда ким айбдор экани эса - тергов ва судда алоҳида исботланиши шарт бўлган масала. Биринчиси иккинчисини исботламайди.
Шунинг учун "шолғом раҳбар"га нисбатан жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилишда битта асосий саволга далиллар билан жавоб топилиши керак. У фақат номини берганми ёки жиноят содир этилишида айбли равишда иштирок ҳам этганми? Чунки халқ тилида "шолғом раҳбар" дейилиши - ҳуқуқий ҳукм эмас.
Одил судловнинг талаби битта. Одам қоғоздаги исми ёки лавозими учун эмас, исботланган айбли қилмиши учун жавоб беради.
Фирманинг ҳақиқий бошқарувчисини аниқламай туриб, қоғоздаги директорни айбдор деб топиш жиноятни очиш эмас, ҳақиқий айбдорни четда қолдириш хавфидир.
Бу ўринда шундай қараш ҳам бор. "Агар шолғом раҳбарлар жиноий жавобгарликка тортилмаса, бундай шахслардан фойдаланиш авж олиб кетмайдими? Жиноятчилар фирмаларни бошқалар номига расмийлаштириб, жавобгарликдан қочишга ўрганмайдими?"
Бу хавотирни тушуниш мумкин. Аммо келажакда бундай ҳолатлар кўпайиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин муайян жиноят ишида шахснинг айбини исботловчи далил бўла олмайди.
Жиноят ишини кўраётган терговчи ёки суднинг вазифаси бутун тизимдаги муаммони ҳал қилиш эмас, балки ўз иш юритувидаги муайян жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш ва қонуний қарор қабул қилишдир.
Шахс жиноий мақсаддан хабардор бўлганми? У жиноятга қасддан кўмаклашганми? Унинг айнан қайси айбли ҳаракатлари далиллар билан тасдиқланган? Мана шу саволларга жавоб топилиши керак.
"Бугун бу одамни жазоламасак, эртага бошқалар ҳам шундай қилади", деган мулоҳаза қанчалик мантиқли туюлмасин, у жиноят-ҳуқуқий айбловнинг ўрнини боса олмайди.
Агар шахснинг жиноятдаги айбли иштироки исботланган бўлса, қонун олдида жавоб берсин. Агар исботланмаган бўлса, бошқаларга сабоқ бўлиши учун жазоланмасин. Чунки жиноят ишида умумий хавотир эмас, муайян шахснинг муайян қилмиши ва исботланган айби ҳал қилувчи аҳамиятга эга!
Биз бир шахснинг жиноят ишини кўриб туриб, бутун тизим муаммосини унинг зиммасига юклашга ҳақли эмасмиз. Одил судловнинг моҳияти ҳам шундаки, ҳар бир ишга алоҳида, ҳар бир шахснинг ҳаракатига эса фақат қонун ва далиллар асосида баҳо беришдир.




