Ҳимоямиз остидаги Равшановга нисбатан жиноят иши қўзғатилишига сабаб бўлган мурожаатда суд-лингвистика экспертизаси хулосаси кўрсатилган. Аммо мазкур хулоса жиноят ишига қўшилмаган ва адвокат сўровига асосан ҳам берилмаган.

Экспертиза маркази рад жавобини "Суд экспертизаси тўғрисида"ги Қонуннинг 16-моддаси билан асослади. Унга кўра, суд эксперти экспертиза натижаларини уни тайинлаган орган ёки шахсдан ташқари "бирон-бир шахсга" хабар қилишга ҳақли эмас.

Ваҳоланки, "Адвокатура тўғрисида"ги Қонун адвокатга ҳимоя учун зарур эксперт хулосасини сўраш ва олиш ҳуқуқини беради.

Конституциявий суднинг 2000 йил 5 июлдаги қарорида ҳам экспертиза муассасаси мижоз розилиги мавжуд бўлганда хулосани адвокатга беришга мажбурлиги расман тушунтирилган.

Шунга қарамай, судлар 16-моддадаги "бирон-бир шахс" тушунчасига адвокатни ҳам киритди. Ушбу масала бўйича Олий судгача бўлган барча суд босқичларидан фойдаланиб бўлинди.

Шу сабабли, мазкур қоида Конституцияда кафолатланган ҳимоя ва малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқларини чеклаётгани юзасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишни лозим деб ҳисобладик.

Чунки Конституциянинг 28-моддаси айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланишини, 29-моддаси эса малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, 2026 йил 13 декабрдан кучга кирадиган янги "Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 26-моддасида ҳам худди шу чеклов ўзгаришсиз сақлаб қолинган.

Демак, масала фақат бир иш ёки бир экспертиза хулосаси ҳақида эмас. Савол анча жиддий, яъни айбланувчининг ҳимоячиси ҳам "бирон-бир шахс" ҳисобланадими? Адвокат ўзи ҳимоя қилаётган шахсга қарши аҳамиятга эга хулосани кўрмасдан қандай қилиб самарали ҳимоя қилади?

Экспертиза сири сақланиши керак. Аммо сир айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқини бекор қилмаслиги керак.