Бизда қамоққа олиш масаласини кўришда судьянинг айбловга қай даражада баҳо бериши мумкинлиги анчадан бери баҳсли масала бўлиб келади.
Олий суд Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги 16-сонли қарорининг 18-бандида суд гумон қилинувчи ёки айбланувчининг айблилиги ёки айбсизлиги масаласи муҳокамасига кирмасдан қамоққа олиш масаласини ҳал қилиши кўрсатилган.
Бу ерда бир нозик фарқ бор. Пленум қарорида "суд айбловни умуман муҳокама қилмайди" дейилмаган. Унда суд шахснинг айбли ёки айбсизлигини ҳал қилмаслиги айтилган.
Бироқ амалиётда бу қоида баъзан жуда кенг талқин қилиниб, судья айбловнинг фактик асосларига ҳам кирмайдиган ҳолатлар учрайди.
Натижада асосий савол четда қолади. Қамоқ сўралаётган шахсни жиноятга боғлаб турган бирор ишонарли фактнинг ўзи борми?
2026 йил 14 августда имзоланган ПФ–160-сонли Фармоннинг 9-банди айнан шу бўшлиқни тўлдиришга қаратилган.
Унга кўра, 2027 йил 1 июлдан бошлаб тергов судьяси процессуал мажбурлов чорасига санкция беришда:
— шахсни ушлаб туриш қонуний ва асосли бўлган-бўлмаганини;
— гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини;
— шубҳа туғилса, қўшимча ҳужжатларни талаб қилиб, ушбу асосларни текшириши назарда тутилмоқда.
Шунда табиий савол туғилади. Энди тергов судьяси айбловни муҳокама қилиш ваколатига эга бўладими?
Жавоб: ҳа, аммо шахсни айбдор деб топиш учун эмас, гумон ва айбловнинг дастлабки ҳуқуқий пойдевори бор-йўқлигини текшириш учун.
Тергов судьяси "Бу шахс жиноят содир этганми?" деган якуний саволга жавоб бермайди. Бу жиноят ишини мазмунан кўрадиган суднинг вазифаси.
Аммо у "Бу шахсдан гумон қилишга етарли аниқ маълумот борми? Айблов қуруқ тахминга эмас, бирор текшириладиган фактга таяняптими? Уни қамоққа олиш ҳақиқатан зарурми?" деган саволларни текшириши шарт бўлади.
Хориж амалиётида ҳам шу икки масала бир-биридан аниқ ажратилади. Масалан, Туркия Жиноят-процессуал кодексининг 100-моддасига кўра, шахсни қамоққа олиш учун кучли жиноий гумонни кўрсатувчи аниқ далиллар ҳамда алоҳида қамоқ асоси бўлиши шарт.
Бундан ташқари, қамоқ ишнинг аҳамияти ва кутилаётган жазога нисбатан мутаносиб бўлиши керак.
Кодекснинг 101-моддаси суд қароридан кучли гумон, қамоқ асослари ва мутаносибликни кўрсатувчи далилларни аниқ фактлар билан асослаб беришни талаб қилади. Демак, турк судьяси ҳали шахсни айбдор деб топмайди, аммо гумоннинг ҳавода осилиб турмаганини текширади.
Ёки Грузия амалиётида бу масала янада очиқ ифодаланган.
Грузия Жиноят-процессуал кодексининг 206-моддасига кўра, прокурор илтимосномада айблов нималарга асосланганини, тегишли маълумот ва далилларни кўрсатиши шарт.
Судья эса илтимосноманинг нафақат расмий-процессуал, балки фактик асосларини ҳам текшириб, асослантирилган қарор чиқаради.
Исботлаш мажбурияти ҳар қандай ҳолатда прокурор зиммасида қолади.
Қамоқ қўлланилса, судья қайси далилларга таянганини ва нима учун енгилроқ эҳтиёт чораси етарли эмаслигини тушунтириши керак.
Демак, Фармоннинг 9-банди амалиётда анчадан бери баҳсли бўлиб келаётган тергов судьяси гумон ва айбловнинг фактик асосларини қай даражада текшириши мумкин, деган масалага қонунчилик даражасида аниқ ечим беришга қаратилган.
Яъни Фармон қонунчиликни янги норма билан тўлдиришни назарда тутмоқда. Унга кўра, тергов судьяси айбдорликни ҳал қилмайди, аммо шахсни гумон қилиш ёки унга айблов эълон қилиш учун етарли фактик асослар бор-йўқлигини текшириш ваколатига эга бўлади.
Бошқача айтганда, Фармоннинг 9-банди "Судья ҳукм чиқармаслиги керак, аммо гумоннинг асосини текширмасдан ҳам қамоққа санкция бермаслиги шарт" деган ҳуқуқий чегарани қонунчиликда аниқ белгилашга қаратилган.
Шу маънода, мазкур банд мавжуд тартибни шунчаки изоҳлаш эмас, балки баҳсли масалани ҳал этиш учун қонунчиликдаги бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилиши керак.
Фармоннинг 9-бандида мазкур таклиф маъқулланган, 10-бандида эса уни амалга ошириш учун қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вазифаси белгиланган.
Демак, янги ваколатнинг аниқ доираси Жиноят-процессуал кодекси ва тегишли Пленум қарорида мустаҳкамланиши лозим.
Аммо ҳуқуқий йўналиш аниқ. 2027 йил 1 июлдан бошлаб тергов судьяси "шахс айблими ёки айбсизми?" деган якуний масалани ҳал қилмайди, бироқ "уни гумон қилиш ёки айблаш учун етарли асос борми ва бу асос уни қамоққа олишга етадими?" деган саволни текшириши шарт бўлади.
Зеро, айбдорлик масаласини ҳал қилмаслик айбловнинг асосига кўз юмиш дегани эмас. Судья ҳукм чиқармаслиги мумкин, аммо инсоннинг озодлигини қуруқ гумонга топширмаслиги шарт.




