Ҳуқуқий онг ривожланган жамиятда эҳтиёт чорасининг асл моҳияти шуки, шахсни айбдор деб эълон қилиш ёки зарарни мажбурий ундириш воситаси эмас. Афсуски, амалиётда кўпчилик, ҳатто айрим ҳуқуқшунослар ҳам, "Зарарни тўладими, озодликка, тўламадими, қамоққа" деган содда ва хавфли мантиққа таяниб қолишмоқда.

Бу эса эҳтиёт чорасининг моҳиятини бузади ва уни яширин жазо воситасига айлантириш хавфини туғдиради.

Аслида қонун нима дейди?

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 236-моддасига кўра, эҳтиёт чорасининг ягона мақсади шуки, процессуал хавфларнинг олдини олиш:

терговдан қочиш хавфи;

далилларни йўқ қилиш эҳтимоли;

гувоҳларга таъсир ўтказиш;

янги жиноят содир этиш эҳтимоли.

Муҳим жиҳат шуки, зарарни қоплаш фуқаровий-ҳуқуқий муносабат. У эҳтиёт чорасини танлашда ҳал қилувчи мезон эмас.

Зарарнинг қопланиши - бу савдолашиш предмети эмас. Агар шахс миллиардлаб зарарни қоплаган бўлса ҳам, лекин қочиш хавфи юқори бўлса, қамоқ асосли бўлиши мумкин. Аммо аксинча, шахс зарарни қопламаган, лекин доимий яшаш жойи, оиласи, ижтимоий боғламлари мустаҳкам бўлса, уни қамоққа олиш номутаносиблик ва адолатсизликдир.

Эҳтиёт чораси “қарз ундириш механизми” эмас.

Хориж амалиёти нима дейди?

Германия (StPO): суд асосий эътиборни шахснинг қочиш хавфи, ижтимоий алоқалари ва тергов билан ҳамкорлигига қаратади. Зарар қопланиши фақат фуқаровий масъулият доирасида баҳоланади, эркинликни чеклаш учун асос эмас.

АҚШ ва Англия (Pre-trial detention): Асосий тамойил - айбсизлик презумпцияси. Камоқ истисно, эмаски қоида. Судлар “flight risk” ва “danger to community” мезонларига таянади.

Қозоғистон: ЖПКда эҳтиёт чоралари танлашда пропорционаллик ва зарурият тамойили мустаҳкамланган. Судлар аввал енгил чораларни (гаров, шахсий кафолат) кўриб чиқиши шарт.

Грузия: Европа стандартларига мос равишда, қамоқ охирги чора сифатида қўлланилади. Суд қарорлари ҳар бир ҳолат бўйича индивидуал ва асосланган бўлиши талаб этилади.

Туркия: Қонунчиликда қамоқ “истисноий чора” сифатида белгиланган. Амалиётда ҳам Европага яқинлашиш тенденциясида, судлар альтернатив чораларни кўпроқ қўллашга ҳаракат қилмоқда.

Европа Инсон ҳуқуқлари суди (ЕИҲС):

Позиция қатъий: “Зарар қопланмагани учун қамоққа олиш яширин жазолашдир.”

Эҳтиёт чораси ҳеч қачон шахсни “синдириш”, иқрорлик олиш ёки молиявий босим ўтказиш воситаси бўлмаслиги керак.

Демак, эҳтиёт чораси тергов ва судга келишнинг процессуал кафолати ҳисобланади.