2026 йил 2 ноябрдаги ЎРҚ–1185-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 184⁵-модда киритилди.
Унга кўра, экстремизм, сепаратизм ёки ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғинга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга чақирувчи ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг атрибутлари ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.
Бунда ҳуқуқбузарлик ашёси мусодара қилиниб, фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга 100 бараваридан 150 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланиши мумкин.
Мазкур 184⁵-моддада бир нечта мустақил ҳаракат назарда тутилган. Уларнинг ҳар бири бўйича нимани исботлаш кераклигини фарқлаш зарур.
Аввало, ҳар қандай диний, сиёсий ёки баҳсли материал ушбу моддага тушавермайди. Материалнинг мазмуни айнан моддада кўрсатилган белгиларга мос келиши асосланиши керак. Материалга умумий қилиб "тақиқланган" деб баҳо беришнинг ўзи етарли эмас.
1. Материалларни тайёрлаш
Модданинг биринчи қисмидаги жумлада "материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш" дейилган. Бу ифодага кўра, тайёрлаш алоҳида ҳаракат. Унга нисбатан тарқатиш мақсади алоҳида шарт қилиб қўйилмаган.
Бироқ бу ҳар қандай файл учун жавобгарлик бор дегани эмас. Айнан қандай материал тайёрлангани, унинг қайси мазмуни моддадаги белгиларга мос келиши, шахс уни тайёрлаш учун қандай ҳаракат қилгани ва унинг айби аниқланиши лозим.
Масалан, матн ёзиш, аудио ёки видео яратиш, уларни монтаж қилиш каби ҳаракатларга тайёрлаш нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳо берилиши мумкин. Лекин телефонда тайёр файл топилганининг ўзи уни телефон эгаси тайёрлаганини исботламайди.
Шунингдек, файлни юклаб олиш, нусхалаш ёки автоматик сақланиш ҳолатларини ҳам бир хил баҳолаб бўлмайди. Қандай техник ҳаракат содир бўлгани, уни ким бажаргани ва уни нима учун "тайёрлаш" деб баҳолаш мумкинлиги асосланиши керак.
2. Материалларни тарқатиш мақсадида сақлаш
Бу ҳаракат учун иккита ҳолат биргаликда аниқланиши лозим, яъни материални сақлаш ва уни тарқатиш мақсади.
Шахс материал мавжудлигини билганми, уни онгли равишда сақлаганми, бошқаларга етказиш нияти бўлганми, албатта булар текширилиши керак.
Масалан, материални бошқаларга юбориш ҳақидаги ёзишмалар, тарқатиш бўйича келишувлар ёки бошқа тайёргарлик ҳаракатлари мақсадни аниқлашда аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Лекин улар ҳам ишдаги бошқа далиллар билан бирга баҳоланади.
Тарқатиш мақсади мавжуд бўлиши учун материал аллақачон тарқатилган бўлиши шарт эмас. Аммо ҳали тарқатилмагани мақсадни исботлаш заруратини йўқотмайди.
Амалиётда эса телефонда материал сақланганининг ўзиниёқ "тарқатиш мақсадида сақлаган" деб баҳолаб, етарли асосларсиз жавобгарликка тортиш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўляпмиз.

(Бу - суд ишда тўпланган далиллар ва суд муҳокамасида аниқланган ҳолатларни биргаликда баҳолаб, тегишли ҳуқуқий хулосага келганига бир мисол).
Айниқса, мессенжердаги автоматик юкланиш, гуруҳга бошқа шахс юборган файл ёки дастур хотирасида қолган маълумотга баҳо беришда эҳтиёт бўлиш зарур. Бундай ҳолатнинг ўзи шахс материални билиб сақлаганини ва тарқатмоқчи бўлганини англатмайди.
3. Атрибут ёки рамзий белгиларни тайёрлаш
Модданинг бу қисмида тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсади тайёрлашга ҳам тегишли.
Демак, муайян атрибут ёки рамз тайёрланганини аниқлаш билан чекланиб бўлмайди. Унинг айнан экстремистик ёки террорчилик ташкилотига тегишлилиги, шахс уни тайёрлагани ва тарқатиш ёхуд намойиш этишни мақсад қилгани асосланиши лозим.
Ҳар қандай ёзув, ранг, байроқ ёки тасвирни ташқи ўхшашлигига қараб бундай ташкилот рамзи деб баҳолаш тўғри эмас. Белгининг ташкилотга алоқаси ва ундан фойдаланиш мазмуни аниқланиши керак.
Масалан, бир белгининг ўқув, илмий ёки танқидий материал ичида тасвирлангани билан уни ташкилот рамзи сифатида тарқатиш учун тайёрлаш бир хил ҳолат эмас. Ҳар бирида мақсад ва контекст текширилиши керак.
4. Атрибут ёки рамзий белгиларни сақлаш
Бу ҳолатда ҳам сақлашнинг ўзи етарли эмас. Шахс уларни тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида сақлагани исботланиши керак.
Бу ерда икки мақсаддан бирининг мавжудлиги аҳамиятли, яъни бошқаларга тарқатиш ёки кўрсатиш. Иккаласи бир вақтда бўлиши шарт эмас. Лекин "телефонида рамзнинг сурати бор экан, демак, намойиш этмоқчи бўлган" деган хулоса далил ўрнини босмайди. Сурат қандай келиб тушгани, шахс унинг мазмунини билгани ва нима мақсадда сақлагани аниқланиши лозим.
Барча ҳолатлар учун умумий талаб шуки, қилмиш ва айбни исботлаш
Экспертиза материалнинг мазмунини ёки рамзнинг хусусиятини аниқлашга ёрдам бериши мумкин. Аммо материал ҳақидаги хулоса уни ким тайёрлаганини, ким онгли равишда сақлаганини ва қандай мақсад бўлганини ўз-ўзидан исботламайди.
Шунингдек, 184⁵-моддада тарқатиш ва намойиш этиш мазкур ҳаракатларнинг мақсади сифатида келтирилган. Амалда тарқатиб ёки намойиш этиб бўлинган ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришда бошқа тегишли нормалар ва жиноят аломатлари бор-йўқлиги ҳам текширилиши керак.
Мусодара ҳам алоҳида асосланиши лозим
Моддада ҳуқуқбузарлик ашёсини мусодара қилиш назарда тутилган. Бироқ бу телефондан материал топилса, телефон автоматик равишда давлат мулкига ўтказилади дегани эмас. Қайси ашё мусодара қилинаётгани, унинг ҳуқуқбузарликка алоқаси, кимга тегишлилиги ва мусодаранинг қонуний асоси суд томонидан аниқланиши керак.
Қарорда "тайёрлаган ва сақлаган" деган умумий жумла билан чекланиш мумкин эмас. Айнан қайси ҳаракат содир этилгани, унинг қонундаги шартлари ва буни тасдиқловчи далиллар кўрсатилиши лозим.




