Ушбу видео лавҳани кўриб, қуйидагиларни билдиришни зарур деб ҳисоблаймиз.
Энг аввало, Ички ишлар вазирлиги томонидан “дежурний жабрланувчилар” мавжуд бўлиши мумкинлиги инкор этилмагани ва бу бўйича алоҳида реестр юритилаётгани муҳим ва ижобий қадам. Чунки муаммони тан олиш уни ҳал қилишнинг биринчи босқичидир.
Бироқ, масаланинг моҳияти анча жиддий. “Дежурний жабрланувчи” деган тушунчанинг ўзи амалда нимани англатади?
Бир шахс бир нечта жиноят ишларида такроран “жабрланувчи”, “харидор” ёки “аризачи” сифатида қатнашиб, орган ходимлари томонидан муайян сценарийда фойдаланилиши эҳтимоли борлигини англатади. Бундай амалиёт мавжуд бўлса, у қуйидаги хавфларни келтириб чиқаради:
- далилларни сунъий шакллантириш;
- тезкор тадбирларнинг холислигига путур етказиш;
- айбловни “ясаш” орқали шахсни жиноятчига айлантириш;
- энг муҳими, одил судлов принципларининг бузилиши.
Бу эса Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган айбсизлик презумпциясига ва жиноят-процессуал қонунчиликдаги холислик, қонунийлик тамойилларига бевосита зид ҳисобланади.
Айниқса, бир шахснинг турли ишлар бўйича такроран “жабрланувчи” сифатида қатнашиши ҳимоя томони учун жиддий сигнал бўлиши керак. Бундай ҳолатларда ҳар бир иш бўйича:
- мазкур шахснинг олдинги иштироклари текширилиши;
- унинг манфаатдорлиги ёки боғлиқлиги аниқланиши;
- унинг кўрсатмаларига танқидий ёндашув қўлланилиши шарт.
Фақат реестр юритиш билан чекланиб қолиш эса етарли эмас. Реестр фақат ҳисобга олиш воситаси. Асосий масала натижа:
- неча ҳолатда қонунбузилиш аниқланди?
- қайси ишлар қайта кўрилди?
- қайси мансабдор шахслар жавобгарликка тортилди?
Агар ушбу саволларга очиқ ва аниқ жавоблар бўлмаса, реестр амалда формал чора бўлиб қолиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, агар “дежурний жабрланувчи” орқали жиноят иши шакллантирилгани тасдиқланса, бу оддий процессуал хато эмас. Бу далилларнинг мақсадли равишда бузилиши, айбловни сунъий яратиш ва шахс ҳуқуқларига жиддий тажовуз сифатида баҳоланиши керак.
Бундай ҳолатларда нафақат конкрет иш бекор қилиниши, балки ушбу амалиётда иштирок этган барча мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши шарт бўлади.




