Судланувчи турли йилларда иккита жиноят содир этган. Ушбу жиноятлар содир этилган пайтларда Базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) турлича бўлган.

Судья ҳар бир жиноят бўйича қилмиш содир этилган вақтдаги БҲМдан келиб чиқиб алоҳида-алоҳида жарима жазосини тайинлаган. Шундан сўнг, Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида жазоларни тўла қўшиш йўли билан узил-кесил БҲМнинг 300 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

Бироқ, судья узил-кесил тўланиши лозим бўлган суммани ҳисоблашда БҲМнинг 300 бараварини яхлит олиб, уни охирги жиноят содир этилган вақтдаги (яъни ошган) БҲМ миқдорига кўпайтириб, умумий жарима суммасини чиқарган.

Жиноят кодексининг 13-моддаси талабларидан келиб чиқилса, судьянинг ушбу математик ва ҳуқуқий ҳисоб-китоби тўғрими?

Ҳуқуқий таҳлил ва жавоб: Йўқ, судьянинг ҳисоб-китоби нотўғри ва у моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликка йўл қўйган.

Асослантириш:

1. Қонуннинг орқага қайтиш кучи йўқлиги: Жиноят кодексининг 13-моддасига асосан, шахснинг ҳолатини ёмонлаштирадиган ёки жазони кучайтирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас. Олдинги жиноят содир этилган пайтда БҲМ миқдори камроқ бўлган. Судья эса 59-модда билан узил-кесил жазо тайинлаётганда, биринчи жиноят учун белгиланган жарима қисмини ҳам янги, ошган БҲМ тартибида ҳисоблаб юбормоқда. Бу эса судланувчининг ҳолатини сунъий равишда ёмонлаштириш ҳисобланади.

2.Тайинланган жазонинг реал қиймати ошиб кетиши: Масалан, биринчи жиноят вақтида БҲМ 300,000 сўм бўлиб, унга 100 БҲМ (30 млн сўм) жарима берилган. Иккинчи жиноят вақтида БҲМ 340,000 сўм бўлиб, унга 200 БҲМ (68 млн сўм) берилган. 59-модда билан уларни тўла қўшиб, 300 БҲМ жазо берилса ва янги БҲМга кўпайтирилса (300 х 340,000) = 102 млн сўм келиб чиқади. Ваҳоланки, иккита жариманинг реал суммаси қўшилса (30 млн + 68 млн) = 98 млн сўм бўлиши керак эди. Ўртадаги 4 млн сўм фарқ судланувчининг бўйнига ноҳақ илинмоқда.

Тўғри процессуал ечим:

Судья 59-модда тартибида жазоларни қўшаётганда, шунчаки БҲМнинг каррали рақамларини эмас, балки ҳар бир жиноят бўйича ўша вақтдаги БҲМдан келиб чиқиб ҳисобланган реал пул суммаларини қўшиб, узил-кесил тўланиши лозим бўлган аниқ суммани кўрсатиши шарт эди.

Ҳукмда узил-кесил тайинланаётган 300 баравар жариманинг қайси қисми эски БҲМдан, қайси қисми янги БҲМдан ҳисоблангани математик жиҳатдан асослантириб, умумий сумма аниқ ёзилиши керак. Бусиз ҳукм мантиқсиз ва 13-модда талабига зид бўлиб қолади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур ҳуқуқий масала — яъни турли хил Базавий ҳисоблаш миқдорлари (БҲМ) амалда бўлган даврларда содир этилган жиноятлар бўйича жарима жазоларини Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида қўшишнинг аниқ механизми — Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги қарорида ҳам ўз ечимини топмаган.

Пленум қарорида жазоларни тўла ёки қисман қўшишнинг умумий қоидалари тушунтирилган бўлса-да, айнан молиявий жазо (жарима) миқдорлари йиллар давомида ўзгариб бориши шароитида каррали миқдорларни (БҲМларни) пулга айлантириш ва умумлаштириш тартиби очиқ қолдирилган.