Кечадан бери ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаевга нисбатан қўлланилган "қамоққа олиш" эҳтиёт чорасининг "гаров"га ўзгартирилгани турли савол ва мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Жамоатчиликда туғилаётган айрим саволларга ойдинлик киритиш мақсадида, амалдаги қонунчилик талабларини эслатиб ўтишни лозим деб топдик:
Ҳуқуқий асос ва тартиб. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 240-моддаси 2-қисмига мувофиқ, жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида (тергов жараёнида) қуйидаги тартиб белгиланган:
Ким ўзгартира олади? Агар шахсни қамоқда сақлаш учун асослар қолмаган деб топилса, эҳтиёт чораси прокурор томонидан ёки терговчи томонидан (прокурорнинг розилиги билан) бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Суднинг роли қандай? Бундай ҳолатда эҳтиёт чорасини ўзгартириш учун суднинг алоҳида қарори талаб этилмайди. Фақатгина эҳтиёт чорасини ўзгартирган масъул орган (терговчи ёки прокурор) аввал қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарган судни албатта хабардор қилиши шарт.
Демак, Бекмурод Абдуллаевга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасининг ўзгартирилиши бевосита терговчи томонидан, назорат қилувчи прокурорнинг розилиги билан амалга оширилган. Бу жараёнда судга тегишли билдиришнома юборилиши қонун талабларига тўлиқ риоя этилганлигини англатади.
Муҳим эслатма: Эҳтиёт чорасининг ўзгартирилиши шахснинг айбли ёки айбсизлиги тўғрисидаги якуний хулосани англатмайди. Бу шунчаки тергов жараёнидаги процессуал қарор бўлиб, шахснинг айбдорлиги масаласига фақат суд томонидан чиқарилган ва қонуний кучга кирган ҳукм билан якуний баҳо берилади.




