Сурхондарё вилояти прокурори Бахтиёр Бекович Бабаджановнинг инсонларни асоссиз ва ноқонуний жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўймаслик борасидаги қатъий ва принципиал позициясидан ҳуқуқшунослар ҳамжамияти яхши хабардор.
Шу сабабли ҳам ҳимоямиз остидаги туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирига оид мазкур кейс вилоят прокуратураси раҳбарияти диққат марказига тушганида, унга мутлақо бошқача ҳуқуқий ёндашув берилган бўлар эди, деган фикрдамиз.
Чунки айни вақтда Сурхондарё вилояти судида апелляция тартибида кўрилаётган мазкур иш нафақат бир шахс тақдири, балки бюджет ташкилотларида фаолият юритувчи минглаб раҳбарларнинг келгусида қандай мезонлар асосида жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги нуқтаи назаридан ҳам ўта муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дастлабки тергов органи томонидан мудирга нисбатан 245 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишда мураккаб иштирокчиликда иштирок этганлик айби билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича айблов илгари сурилди.
Бироқ иш материаллари чуқур таҳлил қилинганда, айблов мазмуни билан мазкур модда диспозицияси ўртасида жиддий ҳуқуқий номутаносиблик мавжудлиги кўринади.
Энг аввало, мураккаб иштирокчилик ҳақида сўз кетар экан, жиноят ҳуқуқи назарияси ва амалиётига кўра, бундай айбловни илгари суриш учун қуйидагилар қатъий исботланиши лозим:
— жиноий тил бириктириш;
— қонунга хилоф топшириқ ёки кўрсатмалар берилганлиги;
— қасд мавжудлиги;
— ғаразли мотив;
— ҳар бир иштирокчининг жиноят механизмидаги аниқ ҳаракати.
Аммо мазкур ишда мудир томонидан бирор бир шахсга ноқонуний топшириқ берилганлиги, кўрсатма берилганлиги, маблағларни талон-торож қилиш механизмини ташкил этганлиги ёки унда манфаатдор бўлганлигини тасдиқловчи ишончли ва холис далиллар келтирилмаган. Ҳатто бирор бир гувоҳ унинг қасди, нияти ёки ғараз мотивига оид аниқ кўрсатма бермаган.
Шу сабабли биринчи босқич суди ҳам ҳимоянинг Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича айблов исботланмаганлиги ҳақидаги позициясига қўшилди.
Бироқ энг жиддий ҳуқуқий зиддият айнан шу нуқтадан бошланди.
Суд мазкур модда бўйича оқлаш ўрнига, мудирни Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми билан, яъни ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган деб топди.
Ваҳоланки, ҳимоя томони мазкур модда бўйича ҳам жиноят таркиби умуман мавжуд эмаслигини ҳуқуқий жиҳатдан асослаб берди. Чунки Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисмида назарда тутилган мансабга совуққонлик билан қараш жиноятини вужудга келтириш учун қуйидаги барча элементлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлиши шарт:
— мансабдор шахснинг аниқ хизмат вазифаси;
— ушбу вазифани бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик факти;
— мазкур ҳолат билан оғир оқибатлар ўртасида сабабий боғланиш.
Бу жиноят ҳуқуқининг фундаментал талабидир.
Мазкур ишда эса суд ҳукмида мудир УзАСБО ахборот тизимига киритилаётган маълумотларни назоратсиз қолдирган деб кўрсатилган бўлса-да, иш материалларида бўлим мудири ҳар бир иш ҳақи маълумотини шахсан текшириши шартлиги юклатилган аниқ норматив ҳужжат келтирилмаган.
Ҳимоя айнан шу нуқтага алоҳида урғу берди: агар шахснинг аниқ мажбурияти норматив тартибда белгиланмаган бўлса, уни бажармаганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам келиб чиқмайди.
Акс ҳолда, жиноий жавобгарлик ҳуқуқий аниқлик принципига эмас, тахмин ва субъектив муносабатларга қурилган бўлиб қолади.
Иш материалларига кўра, ушбу туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфида 111 та мактаб ва 55 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, жами 166 та муассаса мавжуд.
Бу улкан бошқарув тизими. Шундай тизимда раҳбарнинг вазифаси ҳар бир бухгалтернинг ёнида туриб ҳужжат текшириш эмас, балки умумий назорат механизмларини ташкил этишдан иборат. Ва иш материаллари айнан шундай назорат амалга оширилганини кўрсатади. Жумладан:
— марказлашган бухгалтерия хизмати ходимлари билан мунтазам йиғилишлар ўтказилган;
— иш ҳақлари ва тўловларни қонуний ҳисоблаш бўйича аниқ топшириқлар берилган;
— йиғилиш баённомалари расмийлаштирилган;
— 2024–2025 йиллар давомида 27 нафар ҳисобчига нисбатан интизомий чоралар қўлланган;
— барча ҳисобчиларнинг лавозим йўриқномалари мавжуд бўлган;
— улар билан моддий жавобгарлик шартномалари тузилган.
Бу ҳолатларнинг ўзиёқ раҳбар томонидан умумий назорат механизми йўлга қўйилганини кўрсатади. Энг муҳими, иш бўйича жалб қилинган меҳнат ҳуқуқи инспектори ҳам судда муҳим кўрсатув берди. Унинг таъкидлашича, агар раҳбар мунтазам йиғилишлар ўтказган, ходимларга қонуний ишлаш бўйича қатъий кўрсатмалар берган, интизомий чоралар қўллаган бўлса, бу назорат амалга оширилганини англатади.
Шунингдек, бирор бир норматив ҳужжатда бўлим мудири ҳар бир бухгалтерия ҳужжати устида шахсан туриб текшириши шартлиги белгиланмаганини ҳам тасдиқланди.
Демак, бундай вазиятда “лоқайдлик” ёки “виждонсиз муносабат” ҳақида сўз юритиш ҳуқуқий жиҳатдан жуда баҳсли.
Агар мазкур айблов мантиғига қўшиладиган бўлсак, унда ҳар қандай ҳудудда жиноятчилик ўсган тақдирда, туман ички ишлар бўлими бошлиғи ёки туман прокурорини ҳам “ҳуқуқбузарлик профилактикасини лозим даражада амалга оширмаган” деб Жиноят кодексининг 207-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлиб қолади.
Масалан:
— қотилликлар 50 фоизга ошди;
— фирибгарликлар икки баробар кўпайди;
— номусга тегиш жиноятлари ўсди.
Шунда “демак раҳбар профилактикани яхши қилмаган” деган мантиқ билан жиноий жавобгарлик масаласи қўйиладими? Албатта йўқ. Чунки ҳар қандай раҳбарнинг жавобгарлиги унинг ваколати, аниқ ҳаракати ва реал айби билан белгиланиши шарт.
Ҳуқуқий давлат айнан шу мезон билан ажралиб туради. Акс ҳолда, раҳбарлик лавозими жавобгарлик институти эмас, балки чекланмаган хавф манбаига айланиб қолади. Ҳимоя айнан шу ҳуқуқий позицияни судга тақдим этди.
Шундан сўнг ишда қатнашувчи прокурор судлов ҳайъатидан ўз нутқини тайёрлаш учун қўшимча муддат сўради.
Эртага - 2026 йил 4 июнь куни соат 15:00 да бўлиб ўтадиган навбатдаги суд жараёнида прокурорнинг апелляция инстанциясидаги позицияси эшитилиши кутилмоқда.
Шубҳасиз, мазкур кейс бюджет ташкилотлари раҳбарларининг жиноий жавобгарлиги, айниқса Жиноят кодексининг 167, 205 ва 207-моддалари қўлланилиши амалиёти нуқтаи назаридан ўта муҳим ва прецедент аҳамиятга эга ишлардан бири сифатида ҳуқуқий муҳокамалар марказида бўлиб қолади. Чунки бу ишда фақат бир инсон тақдири эмас, балки “раҳбар жавобгарлигининг чегараси қаерда тугайди?” деган саволга жавоб изланмоқда.




