Ажабо, тинчимаган одамлар-э, нималарни ўйлаб топишади-я… Апелляция инстанциясининг ушбу ажрими эътиборни тортади.

Апелляция инстанцияси биринчи суд ажримини бекор қилди, демак у ерда хатолик борлигини тан олди. Лекин шу билан бирга айбланувчини озод қилмасдан, яна қамоқ чорасини қўллади. Бу ҳолатда қарорнинг мантиқий асоси йўқолади: агар аввалги қарор нотўғри бўлган бўлса, унинг натижаси ҳам автоматик равишда сақланиб қолмаслиги керак.
Қонунга кўра, қамоқ - энг охирги ва энг қаттиқ эҳтиёт чораси. У фақатгина шахс терговдан қочиши, далилларни йўқ қилиши, гувоҳларга таъсир қилиши каби аниқ хавфлар далиллар билан исботланган тақдирда қўлланиши мумкин.
Бироқ мазкур ажримда суд аниқ хавфларни кўрсатмаган, альтернатив эҳтиёт чораларини баҳоламаган, қарорни жиноят квалификациясининг ўзи билан асослашга уриниб қолган.
Жиноятнинг квалификацияси ёки жазо санкцияси шахсни қамоққа олиш учун автоматик асос эмас. Бу принцип на фақат миллий процессуал ҳуқуқда, балки халқаро ҳуқуқ амалиётида ҳам қатъий тан олинган.
Шахс эркинлиги - конституцион қадрият. У фақат зарурат исботлангандагина чекланиши мумкин. Зарурият исботланмаган ҳолда қўлланган қамоқ - эҳтиёт чораси эмас, балки асосланмаган эркинлик чекловидир.
Шахс эркинлиги: ислоҳотлар ва суд амалиёти
Бу масала бежизга давлат даражасида ҳам кўтарилмаган. Президент юртимизда тергов судьялари институти жорий этилгани ҳақида сўз юритар экан, бу жараённи халқаро тан олинган “хабеас корпус” принципини амалда таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида таъкидлаган эди.
Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари берилиши алоҳида қайд этилди. Бу ислоҳотнинг мазмуни оддий: шахс эркинлигини чеклаш масаласи формал қарорларга эмас, кучли ҳуқуқий асосларга таянилиши керак.
Айнан шу нуқтаи назардан қаралганда, айрим суд амалиётлари жиддий ўйлашга мажбур қилади. Масалан, биринчи инстанция ажрими бекор қилинганига қарамасдан, айбланувчига нисбатан яна қамоқ эҳтиёт чорасининг қўлланилиши суд қарорининг ҳуқуқий мантиғи ҳақида табиий саволларни туғдиради.
Чунки хабеас корпус принципи шахс эркинлигини чеклаш масаласига формал тартиблар эмас, аниқ ва ишончли ҳуқуқий асослар нуқтаи назаридан ёндашишни талаб қилади.
Шу сабабли бундай ҳолатларда асосий савол ўзгармайди: қамоқ эҳтиёт чораси ҳақиқатан заруратга асосланганми ёки у процессуал формалликка айланиб қолмаганми?
Ажрим бекор. Лекин қамоқ қолди. Мантиқ қаерда?
Фарғона вилоят судлари расмий канали ижтимоий тармоқларда тарқалган муҳокамаларга муносабат билдирди. Айтилишича, биринчи инстанция суди процессуал хато қилган, яъни шахсни эълон қилинмаган айбловга таяниб қамоққа олган. Шу сабаб апелляция суди ажримни бекор қилган.
Бу тўғри. Лекин шу ерда савол бошланади. Ажрим бекор қилинди. Лекин инсон озод қилинмади.
Яъни суд шундай мантиқни таклиф қилмоқда: хато бор → ажрим бекор → лекин қамоқ сақланади.
Шу ерда оддий савол туғилади: агар аввалги қарор нотўғри бўлган бўлса, унинг натижаси қандай қилиб тўғри бўлиб қолди?
Қамоқ жазо эмас. Қонунга кўра, қамоқ - энг қаттиқ эҳтиёт чораси. У фақат шунда қўлланади, агар шахс терговдан қочиши мумкин бўлса, далилларни йўқ қилиши мумкин бўлса, гувоҳларга таъсир қилиши мумкин бўлса.
Лекин бу хавфлар тахмин билан эмас, аниқ фактлар билан исботланиши керак.
Расмий изоҳда эса бу хавфлар умумий жумлалар билан тушунтирилган. Конкрет фактлар кўрсатилмаган. Айблов бор, демак қамоқми?
Расмий баёнотда ЖПК 242-моддаси ва ЖК 184-моддаси санкцияси келтирилади.
Лекин ҳуқуқда жуда муҳим қоида бор: жиноят моддасида қамоқ жазоси борлиги, шахсни қамоққа олиш учун автоматик асос эмас. Бу фақат имконият. Қамоқ қўллаш учун эса алоҳида зарурат бўлиши керак.
Акс ҳолда ҳар бир иқтисодий иш бўйича айблов қўйилган одам автоматик қамалиши керак бўлиб қолади.
Асосий савол ҳали ҳам очиқ. Расмий баёнот бир нарсани тушунтирди, қайси айблов асос бўлганини. Лекин жамоатчиликни қизиқтирган асосий савол ҳали ҳам очиқ:
қамоқ ҳақиқатан зарурат туфайлими ёки бу шунчаки процессуал формалликми?
Чунки қамоқ - бу шунчаки бир протокол эмас. Бу инсон эркинлиги.




