Туркияда ижтимоий тармоқлар даврида янги босқич бошланиши мумкин. Мамлакат ҳукумати фойдаланувчилар учун шахсни тасдиқлашни мажбурий қилишни назарда тутувчи қонунчиликни тайёрламоқда.
Адлия вазири Акин Гюрлек таъкидлашича, бу ташаббуснинг асосий мақсади - онлайн таҳқирлаш, дезинформация ва интернет орқали содир этилаётган жиноий фаолиятга қарши курашиш, шунингдек жавобгарликни кучайтиришдир.
Янги тартибга кўра, пост жойлаштирувчи, изоҳ қолдирувчи ёки контент улашувчи ҳар бир шахс ўз шахсини расман тасдиқлаши шарт бўлади. Бу эса йиллар давомида кенг тарқалган аноним ва сохта аккаунтлар амалиётига жиддий чек қўйиши мумкин.
Ҳукумат позициясига кўра, анонимлик ортида яшириниб, инсон шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш, ёлғон ахборот тарқатиш ёки бошқаларни таҳқирлаш ҳолатлари кўпайган. Шахсни тасдиқлаш тизими эса “ким нима ёзса, жавобини беради” тамойилини мустаҳкамлаши кутилмоқда.




