Мактаб директорининг 2 миллион сўмлик (тахминан 150 доллар) пора учун 4 йил муддатга реал озодликдан маҳрум қилиниши ва колонияга юборилиши жиноят ҳуқуқимиздаги тизимли муаммоларни яна бир бор сув юзига чиқарди.
Кўпчилик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва айрим юристлар бу ҳукмни оқлаш учун Жиноят кодексининг 42-моддасини пеш қилишлари мумкин: "Жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш ва бошқаларни янги жиноятдан огоҳлантириш мақсадида берилади, шунинг учун 4 йиллик қамоқ ўринли".
Фундаментал ҳуқуқ доктринаси ва замонавий криминология нуқтаи назаридан, бу ёндашув ўзини оқламайдиган эскирган иллюзиядан бошқа нарса эмас. Бунинг ҳуқуқий ва мантиқий асослари қуйидагича:
Шахсни жиноятдан қайтариш иллюзияси
Судланган шахснинг содир этган қилмиши бевосита унинг мансаб ваколати билан боғлиқ. Маҳкумни 2 йилга мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг ўзиёқ (ЖК 45-моддаси) унинг жиноий фаолиятини давом эттиришига 100 фоизлик тўсиқ бўлади. Лавозими ва ваколати йўқ одам қайтиб пора ололмайди. Бу шахсни қайта тарбиялаш учун унинг умридан 4 йилни кесиб, жамиятдан изоляция қилиш мутлақо шарт эмасди.
Бошқаларни огоҳлантириш иллюзияси
Қамоқ жазосининг қаттиқлиги бошқаларни коррупциядан тийиб туради, деган фикр илм-фанда аллақачон рад этилган. Ҳуқуқшуносликнинг олтин қоидаси шуки: бошқа шахсларни жиноятдан тийиб туриш жазонинг шафқатсизлиги билан эмас, балки унинг муқаррарлиги ва қилмишга мутаносиблиги билан таъминланади. Арзимас қиймат учун ўта оғир жазо берилиши жамиятда коррупцияга нисбатан нафратни эмас, балки суд тизимига нисбатан ишончсизликни ва оддий одамлар орасида маҳкумга нисбатан раҳмдилликни уйғотади.
Энг охирги чора инқирози ва иқтисодий мантиқсизлик
Жиноий жазо, хусусан, озодликдан маҳрум қилиш — энг охирги, бошқа ҳеч қандай муқобил қолмаганда қўлланиладиган восита бўлиши керак. Давлат 2 миллион сўмлик ноқонуний манфаат кўрган шахсни 4 йил давомида умумий тартибли колонияда сақлаш, қўриқлаш ва овқатлантириш учун солиқ тўловчиларнинг юз миллионлаб маблағларини сарфлашида ҳеч қандай иқтисодий ёки ижтимоий мантиқ йўқ.
Хориж тажрибаси қандай?
Мустақил ва тараққий этган суд тизимлари бундай ҳолатларда асосий зарбани шахснинг эркинлигига эмас, балки чўнтагига ва касбий мақомига уради:
Германия: Биринчи навбатда шахснинг кунлик даромадига асосланган йирик жарима қўлланилади. Энг муҳими, муайян касбда ишлаш ва давлат хизматчиси мақомидан умрбод маҳрум қилинади.
Япония: Бундай ижтимоий хавфи юқори бўлмаган жиноятлар учун деярли ҳар доим шартли ҳукм берилади. Давлат хизматидан ҳайдалиш ва ижтимоий шармандаликнинг ўзи энг оғир жазо ҳисобланади.
Қозоғистон: Қўшни республикада 2 миллион сўм пора олган шахсга пора суммасининг 20 бараваридан 50 бараваригача (яъни 40 миллиондан 100 миллион сўмгача) каррали жарима солинади.
Демак, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси санкциялари концептуал қайта кўриб чиқилиши керак. Бизга муқобилсиз ва қатъий қамоқ жазолари эмас, балки илғор хориж тажрибасидаги каби йирик каррали жарималар ва касбий фаолиятни кескин чекловчи (дисквалификация) санкциялар сув ва ҳаводек зарур.
Акс ҳолда, колонияларимиз жамият учун реал хавф туғдирмайдиган ва 2 миллион сўм учун 4 йил умрини хазон қилаётган собиқ ходимлар билан тўлиб тошаверади. Бу эса адолат эмас, шунчаки давлат ресурсларининг мантиқсиз исрофидир, назаримизда.




