Хоразм вилоятидаги 11-сон Тергов ҳибсхонаси (СИЗО) маъмурияти адвокатларга "совға" тайёрлабди. Энди адвокатлар ўз мижози билан фақат маъмурият белгилаган "иш вақти"да кўришишлари мумкин экан.

Буни қарангки, ҳибсхона ходимларининг тушлиги учун нақ 2 соат (13:00 дан 15:00 гача) вақт ажратилган. Шанба куни эса соат 14:00 дан кейин "санитар ишлов" баҳонаси билан адвокатлар учун эшиклар ёпилади.

Бу нима дегани? Бу - Конституция ва Қонун устуворлигини очиқчасига инкор этиш дегани!

Конституция (29-модда): Ҳар бир шахс ушланган пайтидан бошлаб адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Конституцияда "фақат соат 18:00 гача" ёки "тушлик пайтида ҳимоя тўхтаб туради" деган банд йўқ.

ЖПК (46-модда): Адвокатнинг ўз мижози билан учрашувлар сони ва давомийлиги чекланмаган ҳолда ҳоли учрашиш ҳуқуқи бор. Агар адвокат тунги соат 24:00 да мижози билан кўришишга келса, муассаса буни ташкиллаштириб беришга мажбур.

Мантиқсизлик: Тергов ҳибсхонаси - бу банк ёки почта эмас. Бу 24/7 (узлуксиз) режимда ишлайдиган махсус объект. Маҳбуслар ичкарида, навбатчи ходимлар жойида. Ходимнинг дам олиши фуқаронинг конституциявий ҳуқуқини чеклашга асос бўлолмайди.

Ҳурматли Омбудсман, ушбу вазиятга жиддий эътибор қаратишингизни сўраймиз. Маъмурий тўсиқлар орқали инсоннинг ҳимоя ҳуқуқини чеклаш — бу ҳуқуқий давлат принципларига мутлақо зид. Бу ерда гап нафақат адвокатнинг иш вақти, балки қамоқда ўтирган шахснинг энг асосий ҳуқуқларидан бири ҳақида кетмоқда.