Yuristkadr фикрига қўшиламиз.

2019 йил 13 декабрда қабул қилинган ПҚ-4551-сонли қарор билан масъул идораларга аниқ вазифа юклатилган эди: адвокатура институтини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ва 2020 йил 1 майга қадар Президент Администрациясига киритиш. Бу тавсия эмас, балки ижро этилиши шарт бўлган давлат раҳбари топшириғи эди.

Бугун эса 2026 йил. Орадан 6 йил ўтди. Аммо концепция ҳалигача қабул қилингани йўқ.

Шу ерда масала оддий танқид доирасидан чиқиб, ҳуқуқий масъулият масаласига айланади. Нима учун давлат раҳбарининг топшириғи бажарилмади? Қайси органлар ижрони таъминлаши керак эди? Нима учун ижро устидан назорат самара бермади?

Маълумки, ушбу йўналишда Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси асосий масъул субъектлар ҳисобланади. Лойиҳа ишлаб чиқилгани ҳақида маълумотлар ҳам бўлган. Демак, муаммо ишлаб чиқишда эмас. Муаммо эса қабул қилиш босқичида тўхтаб қолган.

Очиқ айтиш керакки, адвокатура бу шунчаки касб эмас. У жиноят процессидаги тенглик механизми. Адвокат кучли бўлса, айблов билан ҳимоя ўртасида ҳақиқий баланс пайдо бўлади. Бу баланс эса судни холис қарор қабул қилишга мажбур қилади.

Амалиёт эса ҳали бунга тўлиқ тайёр эмас: судлар кўп ҳолларда айблов позицияси доирасидан чиқмайди, оқлов ҳукмлари улуши паст, процессуал тенглик кўпинча декларатив ҳолатда қолмоқда.

Шундай шароитда кучли адвокатура фақат бир институтни эмас, бутун тизимни ўзгартиради: тергов хатоларини очади, айбловнинг автоматик устунлигини бузади ва судни ҳақиқий тортишув майдонига айлантиради.

Шунинг учун савол очиқ қўйилиши керак. Нега 6 йилдан бери бу ҳужжат қабул қилинмади? Бу оддий кечикишми ёки институционал қаршилик натижасими?

Давлат раҳбари топшириғи ижро этилмаса, бу интизом масаласи. Суд-ҳуқуқ соҳасида ижро этилмаса, бу адолат масаласи.