Жорий йилнинг 7 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилган қонун лойиҳаси муҳим янгилик бўлди. Ушбу лойиҳа экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги жиноий-ҳуқуқий сиёсатни жазолашдан профилактикага йўналтиришнинг мантиқий давомидир.
Мазкур ўзгаришларнинг иккита асосий жиҳатига ҳам эътибор қаратиш жоиз:
1. Маъмурий преюдициянинг жорий этилиши. Процессуал ҳимоя кучаймоқда. Амалдаги тартибга кўра, Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Янги лойиҳа билан ушбу ҳаракатлар учун аввал маъмурий жавобгарлик, сўнгра жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Бу ўзгариш шахснинг ҳуқуқий мақомига ижобий таъсир кўрсатади. Билмасдан ёки эҳтиётсизлик оқибатида материал сақлаган фуқароларга "жиноятчи" тамғаси босилишининг олди олинади. Бу, ўз навбатида, суд-тергов амалиётида айбсизлик презумпцияси ва инсонпарварлик тамойилларини таъминлашга хизмат қилади.
2. Рағбатлантирувчи норма. Лойиҳада ЖК 244-1-моддасига муҳим бир қўшимча — шахснинг тергов ва ҳокимият органлари билан фаол ҳамкорлигини рағбатлантирувчи норма киритилмоқда.
Агар жиноят содир этган шахс ҳокимият органларига жиноятни фош этишда фаол кўмаклашса, у қонунда белгиланган тартибда жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Ушбу норма ҳимоя тарафи (адвокат) учун ўз мижозининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қўшимча ҳуқуқий инструмент беради. Бу шахсга ўз хатосини тузатиш ва ижтимоий реабилитация бўлиш имконини яратади.
Мазкур ислоҳотлар жиноят қонунчилигини декриминализация қилиш йўлидаги муҳим қадамдир. Тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликнинг бекор қилиниши:
Судларда кўриладиган жиноят ишлари сонининг оптималлашувига;
Фуқароларнинг, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий тақдирини сақлаб қолишга;
Жиноят-процессуал амалиётида профилактик чораларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
*Матн Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган ва Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси асосида тайёрланди.




