Сўнгги кунларда кўпчилик томонидан энг кўп берилаётган саволлардан бири — айнан фирибгарликка оид жиноят ишлари бўйича етказилган зарар қопланмаган тақдирда, шахсга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш қўлланиладими ёки йўқми? деган масала бўлмоқда.
Айнан шу ва бошқа долзарб масалаларга ҳуқуқий ечим бўлувчи ҳамда жавобгарликни жиддий равишда оғирлаштирувчи муҳим қонун лойиҳаси куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга юборилди.
Хўш, ушбу қонун лойиҳасида қандай муҳим ўзгаришлар таъкидланмоқда?
Асосий эътибор жиноятга жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини тиклаш ва коррупцияга қарши курашаётганларни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, қуйидаги 4 та муҳим жиҳат белгиланмоқда:
Зарарни қопламасанг — шартли озодлик йўқ: Жиноят кодекси айнан кўпчилик сўраётган норма билан тўлдирилмоқда. Эндиликда ўзлаштириш, растрата ёки фирибгарлик учун ҳукм қилинган шахс жиноят оқибатида етказилган моддий зарарнинг ўрнини тўлиқ қопламаса, унга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш татбиқ этилмайди.
Хабар берганларга кучли ҳуқуқий ҳимоя: “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгаришга кўра, коррупцияга оид жиноят ҳақида асосли хабар берган шахсни Коррупцияга қарши курашиш агентлигини олдиндан огоҳлантирмасдан туриб интизомий жазолашга йўл қўйилмайди. Бу норма хабардор қилувчиларни иш жойидаги асоссиз таъқиб ва босимлардан ҳимоя қилади.
Оғир коррупцион жиноятлар учун имтиёзлар бекор қилинади: Худди шундай қатъий қоида (жазодан муддатидан илгари шартли озод қилмаслик) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, шунингдек, жуда кўп миқдорда пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши белгиланяпти.
Мансабдор фирибгарларга жазо оғирлашади: Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ва фирибгарлик ҳаракатларини ўз мансаб ёки хизмат мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик чоралари янада оғирлаштирилмоқда.




