Жиноят кодексининг 184-моддасига (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) киритилган сўнгги ўзгаришларни юзаки ўқиганда фақатгина санкциялар кучайтирилгандек кўринади. Аммо эски ва янги таҳрир нормаларини комплекс таҳлил қилсак, қонун чиқарувчининг ёндашувида иккита қарама-қарши, бироқ мантиқий силжишни кўрамиз: қилмишларни қисман декриминализация қилиш ва шу билан бирга қарзини тўламайдиганлар учун жазони қатъийлаштириш.

Қуйида ушбу ўзгаришларнинг амалиётдаги аҳамияти ҳақида қисқача ҳуқуқий таҳлил:

1. Жиноят миқдорларининг кенгайтирилиши - "яширин декриминализация"

Энг концептуал ўзгариш-— жиноятни малакалаш учун асос бўлувчи зарар миқдорларининг кескин (қарийб икки баробарга) оширилганидир. Бу тадбиркорлар учун жуда катта енгиллик бўлиб, кўплаб ҳолатларда ҳаракатларнинг оғирроқ қисмдан енгилроқ қисмга ўтишини ёки умуман жиноят таркибидан чиқишини таъминлайди:

Анча миқдор: 100 дан 300 БҲМ гача эди, эни 100 дан 600 БҲМ гача бўлди.

Кўп миқдор: 300 дан 500 БҲМ гача эди, энди 600 дан 1000 БҲМ гача бўлди.

Жуда кўп миқдор: 500 БҲМ ва ундан юқори эди, энди 1000 БҲМ ва ундан ортиқ этиб белгиланди.

2. Зарарни қоплаш муддати: 30 кунлик чеклов бекор қилинди

Илгари амалиётда энг кўп муаммо туғдирадиган норма - зарарни қоплаш учун бериладиган 30 кунлик қатъий муддат эди. Бу кўпинча тадбиркорларни боши берк кўчага киритиб қўярди.

Олдин: Давлат солиқ хизмати ёки Департамент хабарини олган кундан бошлаб қатъий равишда 30 кун ичида тўлов қилинсагина шахс жавобгарликдан озод этиларди.

Эндиликда: Бу қатъий муддат бутунлай олиб ташланди. Биринчи марта жиноят содир этган шахс терговга қадар текширув, тергов босқичида ёки биринчи инстанция судида — судья алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар солиқлар, пеня ва санкцияларни тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади. Бу шахсга маблағ топиш ёки солиқ органи хулосаси устидан низолашиш учун етарлича вақт беради, назаримизда.

3. Санкциялар: тўлашдан бош тортганлар учун озодликдан маҳрум қилиш муддатлари узайтирилди

Жавобгарликка тортиш чегаралари юмшатилиб, вақтдан ютуқ берилгани эвазига, барибир солиқ тўлашдан бўйин товлаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазолари оғирлаштирилди:

1-қисм: Илгари озодликдан маҳрум қилиш умуман йўқ эди. Энди 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш киритилди.

2-қисм: Озодликдан маҳрум қилишнинг максимал чегараси 3 йилдан 5 йилгача оширилди.

3-қисм: Озодликдан маҳрум қилиш муддати 5 йилдан 7 йилгача узайтирилди ва ушбу қисмдан муқобил енгилроқ жазо тури бўлган "озодликни чеклаш" олиб ташланди.