Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, шунингдек, баъзи жиноятлар тергови сифатини оширишга қаратилган қонун лойиҳасини уч ўқишда қабул қилиб, Сенатга юборди. Мазкур лойиҳа билан жинсий эркинликка қарши, шунингдек, одам ўлимига сабаб бўладиган айрим тоифадаги ишлар бўйича дастлабки терговни олиб бориш ваколати Ички ишлар органларидан Прокуратура тизимига ўтказилмоқда.

Қайси моддалар прокуратура терговига ўтмоқда?

Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича ишлар прокуратура органларига ўтказилиши кўзда тутилган:

118-модда: Номусга тегиш;

119-модда: Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш;

121-модда: Шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш;

128 ва 128-1-моддалар: 16 ёшга тўлмаган ёки 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш;

129-модда: 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш.

Шунингдек: Экология хавфсизлигига оид талабларни бузиш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш оқибатида одам ўлимига сабаб бўлган жиноятлар (ЖК 193, 194, 195, 199 ва 257-моддалари) ҳам прокуратурага ўтади.

Нима учун бундай қарорга келинди?

Бош прокурор биринчи ўринбосарининг таъкидлашича, бу ўзгаришлар тергов амалиётидаги жиддий процессуал камчиликлар билан боғлиқ:

Терговга қадар текширувдаги хатоликлар: Кўп ҳолларда юридик маълумотга эга бўлмаган профилактика инспекторлари ёки тезкор ходимлар томонидан энг муҳим процессуал ҳаракат — воқеа жойини кўздан кечириш сифатсиз ўтказилган ёки умуман ўтказилмаган. Бу эса далилларни мақбул деб топиш ва мустаҳкамлашда муаммолар яратиб, ишларнинг асоссиз тўхтатилишига олиб келган.

ИИО терговчиларидаги ўта юқори юклама: Айрим ҳудудларда битта ИИБ терговчисининг иш юритувида 40 тадан ортиқ жиноят иши тўпланиб қолган. Бу ЖПКда белгиланган тергов муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Яхлит назоратнинг йўқлиги: Экология ва меҳнат муҳофазаси бўйича прокуратурада махсус назорат бўлимлари мавжуд бўлса-да, тергов ИИБ томонидан олиб борилиши ишнинг тўлақонли ва тезкор ҳал этилишига тўсқинлик қилган.