Тошкент шаҳар судларининг расмий баёнотини ўқиб, бир савол туғилди. Адвокат очиқ суд мажлисида қонунбузилиш деб ҳисоблаган ҳолат ҳақида гапирса, бу судга босимми ёки унинг касбий вазифасими?

Албатта, адвокат ҳамма нарсани гапиравериши мумкин эмас. У адвокатлик сирини сақлаши, ёлғон маълумот тарқатмаслиги, ҳеч кимни ҳақорат қилмаслиги ва судга ғайриқонуний таъсир ўтказмаслиги шарт. Бунга эътироз йўқ.

Аммо баёнот мазмунидан аниқ суд иши ҳақида гапириш, судьянинг исми-шарифини кўрсатиш ва ҳимоя позициясини жамоатчиликка билдиришнинг ўзи ҳам этикага зид ҳаракат сифатида талқин қилиниши мумкин, деган хулоса келиб чиқмоқда.

Ҳолбуки, баёнотда асос қилиб кўрсатилган "Мажбурий тушунтиришлар"нинг ўзи бундай демайди.

Аксинча, унинг 1-бандида Конституцияда кафолатланган фикрлаш, сўз ва ахборот тарқатиш ҳуқуқи адвокатларга ҳам тўлиқ татбиқ этилиши қайд этилган.

Энг муҳими, 10-бандга кўра, қонунчилик ва адвокатлик сири талабларига риоя этилган ҳолда:

— ҳимоя позициясига оид ахборотни;

— очиқ суд муҳокамасининг бориши ва натижаларини;

— қабул қилинган суд қарорларининг асослантирилган танқидий таҳлилини эълон қилиш касб этикаси бузилиши сифатида баҳоланиши мумкин эмас.

Демак, "Мажбурий тушунтиришлар" адвокатга "аниқ иш ҳақида гапирма" демайди. У "ҳаққоний гапир, сирни ошкор қилма, ҳақорат қилма ва судга ғайриқонуний таъсир ўтказма" дейди.

Бу икки тушунча ўртасида катта фарқ бор.

Очиқ суд мажлисида ишни кўрган судьянинг кимлиги ўз-ўзидан адвокатлик сирини ташкил этмайди. Этика масаласи исм тилга олинганида эмас, балки у ҳақорат, туҳмат ёки исботланмаган айблов билан бирга қўлланганида келиб чиқади.

Шунингдек, адвокатнинг "керакли натижага эришишга уриниши"ни шубҳали ҳолат сифатида кўрсатиш ҳам тушунарсиз.

Ахир адвокатнинг вазифаси ҳимояси остидаги шахс учун қонуний ва адолатли натижага эришиш. Прокурор айбловни қувватлайди, адвокат ҳимоя қилади. Тортишув бор жойда тарафларнинг позицияси бир хил бўлиши мумкин эмас.

Бир томонлама позициянинг мавжудлиги ҳали ёлғон дегани эмас.

Танқиднинг мавжудлиги ҳали босим дегани эмас.

Судья исмининг айтилгани ҳали обрўсизлантириш дегани эмас.

"Мажбурий тушунтиришлар"нинг 9-бандида ҳам ҳар қандай оммавий чиқиш эмас, балки ишни ҳар томонлама, тўла ва холис кўриб чиқишга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд ҳужжати чиқарилишига эришиш мақсадида судга таъсир ўтказиш тақиқланган.

Демак, асослантирилган ҳуқуқий танқид билан судга ғайриқонуний таъсир ўтказишни бир-бирига аралаштириб бўлмайди.

Қолаверса, Олий суд Пленуми ҳам суд муҳокамасининг ошкоралиги ва жамоатчиликнинг судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш зарурлигини алоҳида қайд этган. Очиқ суд муҳокамаси ҳақида жамоатчиликка ахборот бериш ошкораликнинг табиий давомидир.

Ачинарлиси, расмий баёнотда қайси адвокатнинг қайси чиқишида қандай ёлғон, ҳақорат, адвокатлик сирини ошкор қилиш ёки судга ғайриқонуний таъсир ўтказиш аломати мавжудлиги кўрсатилмаган. Аниқ далил ўрнига "айрим адвокат-блогерлар" деган умумий таъриф берилган.

Агар бир томонлама фикр жамоатчиликда салбий қараш шакллантириши мумкин бўлса, адвокатларнинг позициясини эшитмасдан туриб уларни этикага зидликда гумон қилган мазкур баёнотнинг ўзи ҳам худди шу саволни туғдиради.

Биз судьяларни ҳақорат қилишни ҳам, судга босим ўтказишни ҳам қўллаб-қувватламаймиз.

Аммо суд ҳокимиятининг обрўси адвокатни сукутга чақириш билан эмас, очиқлик, асослантирилган қарор ва танқидга ҳуқуқий жавоб бериш билан мустаҳкамланади.

Адвокатнинг овози судга қарши овоз эмас. У тортишув принципининг иккинчи қаноти. Бир қанотни боғлаб қўйиб, одил судлов парвоз қилади, деб бўлмайди.