Хоразмдаги 11-сон ТҲ маъмурияти жорий этган "ички иш тартиби" аслида конституциявий ҳимоя ҳуқуқини сунъий равишда бўғиш ҳисобланади. Дунё тажрибасида адвокатнинг ўз мижози билан учрашиши муассасанинг ички қулайлигига эмас, балки ҳимоя ҳуқуқининг устуворлигига асосланади:

Туркия (ЖПК 154-модда): Адвокат ҳибсдаги шахс билан "ҳар доим" (her zaman) ва назоратсиз учрашиш ҳуқуқига эга. Ҳеч қандай "иш вақти" ёки "дам олиш куни" адвокатнинг киришини тақиқлаш учун асос бўлолмайди.

Германия (StPO § 148): Ҳатто озодликдан маҳрум этилган шахсга ҳам адвокати билан "тўсиқсиз алоқа" кафолатланади. Германия ҳуқуқида муассасанинг ички режими процессуал ҳуқуқни чеклашга эмас, балки уни таъминлашга хизмат қилади.

Япония (ЖПК 39-модда): Учрашув вақтини белгилашда маъмурият гумон қилинувчининг ҳимояга тайёрланиш ҳуқуқини "асоссиз равишда чеклаб қўймаслиги" шарт. Японияда адвокатнинг вақти - адолат вақти деб ҳисобланади.

Қозоғистон (ЖПК 70-модда ва ИИВнинг 95-сонли буйруғи): Ҳимоячи билан учрашувлар сони ва давомийлиги чекланмайди. Муассасада навбатчилик тизими ишлайди ва маъмуриятнинг уйига кетиши адвокатга эшикни ёпиш учун баҳона бўлолмайди.

Грузия (ЖПК 43-модда): Адвокат ва мижоз алоқаси мутлақо эркин ва махфий. Грузия ислоҳотлари натижасида адвокатлар сутканинг исталган вақтида тўсиқсиз кириш имкониятига эга бўлган.

Россия (РФ ЖПК 49, 53-моддалари, "Ҳибсда сақлаш тўғрисида"ги Қонун 18-модда): адвокатнинг учрашувлари сони ва давомийлиги чекланмайди. Россия Олий суди ва Конституциявий Суди қарорларида таъкидланганидек, муассасанинг ички иш тартиби адвокатнинг процессуал ҳуқуқларини амалга оширишга халақит бермаслиги лозим. Шанба ва якшанба кунлари ҳам адвокатларнинг кириши (навбатчилик асосида) қонунан таъминланиши керак.

Ривожланган давлатлар амалиётида СИЗО — бу банк ёки почта эмас, балки 24 соатлик навбатчилик асосидаги объектдир. Ходимнинг Меҳнат кодексидаги дам олиш ҳуқуқи фуқаронинг Конституциявий ҳимоя ҳуқуқидан устун бўлиши мумкин эмас.

Демак, Хоразм вилояти 11-сон ТҲ маъмурияти ўз ички хати билан адвокатлар фаолиятига сунъий тўсиқ қўймоқда. Бу ҳолат бўйича Омбудсман ва прокуратура тегишли текширувлар ўтказиши талаб этилади, деб ҳисоблаймиз.