Тергов амалиётида тез-тез учраб турадиган жиддий процессуал хатоликлардан бири шуки, экспертиза тайинлаш жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлардир.
Амалиётда кўп учрайдиган ҳолат шундай: терговчи экспертиза тайинлаш ҳақида қарор чиқаради, экспертиза ўтказилади, эксперт хулосаси тайёр бўлади ва шундан кейингина шахс қарор ва эксперт хулосаси билан таништирилади.
Аслида эса бу тартиб қонун талабларига мутлақо зид.
Жиноят-процессуал кодексининг 179-моддасига мувофиқ, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи экспертиза тайинлаш ва ўтказиш жараёнида бир қатор муҳим ҳуқуқларга эга. Жумладан, у:
экспертиза ўтказилгунга қадар экспертиза тайинлаш ҳақидаги қарор билан танишиш ва ўз ҳуқуқлари тушунтирилишини талаб қилиш;
экспертни рад этиш;
ўзи кўрсатган шахслар орасидан эксперт тайинлашни сўраш;
эксперт хулосаси учун қўшимча саволлар қўйиш ва материаллар тақдим этиш;
экспертиза ўтказилаётганда терговчи ёки суд рухсати билан иштирок этиш, қўлланилаётган усуллар ҳақида тушунтириш талаб қилиш;
эксперт хулосаси билан танишиб, қўшимча ёки қайта экспертиза тайинлашни сўраш
каби ҳуқуқларга эга ҳисобланади.
Энг муҳим жиҳати шундаки, бу ҳуқуқлар экспертиза ўтказилгунга қадар таъминланиши шарт. Агар шахс экспертиза тайинлаш ҳақидаги қарор билан фақат экспертиза ўтказилиб бўлгандан кейин таништирилса, бу ҳолат қонун талабларини очиқча бузиш ҳисобланади.
Бу масалага Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг далиллар мақбуллигига оид қарори ҳам аниқ баҳо берган. Унга кўра, агар:
экспертиза тайинлаш жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳуқуқлари бузилган бўлса;
ёки эксперт рад этилиши лозим бўлган ҳолатда экспертиза ўтказилган бўлса,
бундай эксперт хулосаси ЖПКнинг 95¹-моддасига мувофиқ номақбул далил деб топилиши лозим.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ҳам аниқ қоида белгиланган: қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Шу боис, экспертиза - ишдаги энг муҳим далиллардан бири бўлиши мумкин бўлган жараён. Аммо у қонун талаблари бузилган ҳолда тайинланган ёки ўтказилган бўлса, бундай хулоса далил сифатида қийматини йўқотади.




