Жиноят ишларида экспертиза кўп ҳолларда иш тақдирини ҳал қилиб берадиган муҳим далил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам қонун тарафларга, жумладан ҳимоя томонига эксперт олдига қўйиладиган саволларни таклиф қилиш ҳуқуқини беради.
Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва унинг ҳимоячиси эксперт хулоса бериши учун қўшимча саволлар қўйишни илтимос қилиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ амалда, одатда, адвокат томонидан судга ёки тергов органига ёзма тарзда тавсия этиладиган саволлар тақдим этиш орқали амалга оширилади.
Бу ҳолатда суднинг муносабати принципиал аҳамиятга эга.
Суд:
адвокат тақдим этган саволларни албатта кўриб чиқиши;
улар иш ҳолатларини аниқлаш учун аҳамиятли бўлса, эксперт олдига қўйиши;
агар саволлар экспертиза предметига дахлдор бўлмаса ёки ҳуқуқий баҳолашга оид бўлса, рад этиши, лекин бу ҳақда асослантирилган қарор чиқариши керак.
Муҳим жиҳати шундаки, суд адвокат таклиф қилган саволларни шунчаки инобатга олмасдан қолдиришга ҳақли эмас. Улар юзасидан процессуал муносабат билдирилиши шарт.
Чунки экспертиза фақат айблов томонининг эмас, иш ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама аниқлаш воситаси ҳисобланади. Адвокат томонидан берилган саволлар эса кўп ҳолларда айнан шу ҳақиқатни очишга хизмат қилади.
Шу боис адолатли суд амалиётида қоида оддий, яъни ҳимоя томони таклиф қилган саволлар муҳокама қилинади, асосли бўлса қабул қилинади, қабул қилинмаса, сабаби кўрсатилиши шарт.




